Талоқ — одам ва умуртқали ҳайвонларнинг қорин бўшлиғидаги тоқ паренхиматоз орган. Асосий қон резервуарларидан бири (қон „депо“си); қон яратилиши, моддалар алмашинувида иштирок этади; иммунобиологик ва ҳимоя функсиясини бажаради ва антителолар ишлаб чиқаради, бактерия ва токсинларни тутиб қолиб, зарарсизлантиради, яшаб битган эритроцит ва тромбоцитларни емиради. Қоннинг ҳосил бўлиши, бузилиши, қайта тақсимланишида ва организмнинг ҳимоя реаксияларида қатнашади.

Талоқ ҳамма умуртқали ҳайвонларда бор. Тўгарак оғизлилар, баъзи икки хил нафас олувчи балиқлар ичаги, ошқозони ёки ўрта ичак шиллиқ қават бурмалари деворида лимфоид тўқималар тўплами бўлиб, бу Талоқ вазифасини бажаради. Қолган умуртқали ҳайвонлар талоғи ичакдан алоҳида бўлиб, орқа ичактутгич, ошқозон ёки тўғри ичакнинг бошланиш қисмида жойлашади. Судралиб юрувчилар (гаттериялардан ташқари) ҳамда қушларда рудиментлашган. Талоқ бўлак-бўлак ёки парраксимон бўлади.

Одамда Талоқ эмбрионал ҳаётнинг биринчи ойида меъданинг дорзалб тутқичи ичида тўпланган мезенхима тўқимасидан ривожланади. Талоқ узунчоқ овал шаклли, узунлиги 12 см, кенглиги 7-8 см, оғирлиги 150-200 г. Лекин Талоқнинг ҳажми ва оғирлиги индивидуал бўлиб, организмнинг физиологик ҳолатига боғлиқ ҳолда жуда ўзгариб туради. Масалан, тинч хрлатда Талоқ кенгайган, қон йўқотилганда эса буришилган бўлади. Бир томони қабариқ (диафрагмал), иккинчи томони ботиқ (ички) бўлиб, чап биқиннинг 9,11 қовурға соҳаларига жойлашган. Ташқи томондан сероз парда ва бириктирувчи тўқима капсуласи билан қопланган. Капсуладан Талоқ ичига деворлар ёки трабекулалар тарқалади. Трабекулалар Талоқни оқ ва қизил пулпа билан тўла алоҳида бўлакчаларга бўлади. Қизил пулпа қоннинг шаклли элементлари (эритроцитлар)га бой вена синусларидан ташкил топган. Оқ пулпа эса лимфоцитлар ишлаб чиқарадиган лимфа тўқималаридан тузилган; улар малпиги таначалари деб аталади. Талоқ касалланганда (масалан, спленомегалия) анча катталашади.



Манбалар