Tamaraxonim
Тамарахоним – (асл исми ва фамилияси Тамара Артёмовна Петросян 16(29).03.1906, ҳозирги Янги Марғилон шаҳарчаси – 30.06.1991, Тошкент) қўшиқчи ва раққоса, балетмейстер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан бири. Ўзбекистон ССР халқ артисти (1932).
| Тамарахоним | |
|---|---|
|
| |
| Таваллуди |
16-март 1906-йил |
| Вафоти |
30-июн 1991-йил (85 ёшда) Тошкент |
| Мукофотлари |
|
Ҳаёти ва ижоди
Тамарахоним 1906-йил 29-март куни Туркистон ўлкасининг Горчаково бекатига (ҳозирги Марғилон шаҳри) сургун қилинган Анна ва Артём Петросянларнинг оиласида туғилган.
Тамарахонимнинг асли арманистонлик бўлган ота-онаси ишчилар қўзғолони туфайли Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрига кўчиб келади. Тамара ҳам шу ерда дунёга келади. Тамарахонимнинг ўзбек рақси тадқиқотчиси, санъацҳунос Любов Авдеева томонидан тартибга солинган автобиографияси – „Менинг ҳаётим. Ўзим ва Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари ҳақида хотиралар“ китобида хонимнинг отаси арман тори, ўзбек танбурини яхши чалган, онаси эса рақсга тушиб, қўшиқ куйлагани тўғрисида маълумотлар келтирилади[1]. Тамарахоним ўзбек маҳаллада улғайган. Тамара кўзбойлағичлар, дорбозлар ва раққослар ўйинига қизиқа бошлаган ва уйда уларнинг ҳаракатларни такрорлаган. Борган сайин унинг ҳаракатлари илдамроқ бўлиб, олти ёшга кириб, қизалоқ рақсга туша бошлаган[2].
Тамара Петросян Москва театр техникумида ўқиган (1923-24). Ёшлигидан санъатга қизиққан: дастлаб Марғилон, Фарғона аёллари орасида рақсга тушиб, қўшиқ айтган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комиловлардан ўзбек рақс ҳаракатларини, Ҳамза, Константин Станиславский, Владимир Немирович-Данченко ва бошқалардан қўшиқчилик, актёрлик маҳоратини ўрганди.
Саҳна фаолиятини 1919-йил Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий труппасида бошлаган. Кейинчалик Юсуфжон қизиқ труппасида ишлаган. 1922-йил бошида ўзбек профессионал хонандаси Мулла Тўйчи бир бойнинг уйидаги қўшиқ куйлаш базмига Тамарахонимни таклиф қилади. Тамарахоним у ерда Уста Олим Комилов билан танишиб қолади. Уста Олим труппа ташкил қилганида Тамарани ҳам жамоасига таклиф этади. Тамарахоним 1921-1922-йиллар Тошкент рус опера ва балет театри ўқувчисига айланади ва Аброр Ҳидоятов, Ятим Бобожонов, Али Ародобус Иброҳимов каби биринчи ўзбек артистлари раҳбарлик қилган консерт гуруҳларида рақсга туша бошлаган. 1923-йил у Москвада А. В. Луначарский номидаги Театр техникумида ўқишни давом эттиради. Айнан Москвада Тамарахоним „Шарқ қалдирғочи“ номига эга бўлган[2]. 1924-йилдан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги консерт труппаси (1926-йилдан Ўзбек давлат консертетнографик ансамбли, 1929-йилдан Ўзбек давлат мусиқали театри)да фаолият кўрсатган. 1925-йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон безак санъати кўргазмасида Муҳиддин Қориёқубов билан биргаликда иштирок этиб, ўзбек санъатини илк бор Европада намойиш этган. Тамарахоним ўзбек лапар ва ялла намуналарини саҳнавий ижро шароитига мослаштириб, янгича ифодавий воситалар (мимика, рақс, диалог ва бошқалар) билан бойитиб, улар негизида бир неча кичик мусиқий инссенировкаларни яратди, миллий оммабоп (эстрада) санъат ривожига асос солди. Тамарахоним ижросидаги қўшиқ ва лапарлар („Лолахон“, „Қорасоч“, „Билагузук“, „Ойижон“, „Фабриканинг йўлидан“, „Қизлар, шитобингиз нима?“, „Гулёр“, „Етимлар йиғиси“, „Туйғуной“, „Эрк болалари“ ва бошқалар), „Синахирож“, „Дилхирож“, „Қаринаво“, „Усмония“ сингари рақслари халққа манзур бўлган.
1937-йил Москвада бўлиб ўтган биринчи ўзбек санъати декадасида ҳам иштирок этган. 1936-41-йиллар Ўзбек давлат филармонияси, Ўзбек давлат мусиқали театри (1939-йилдан Ўзбек давлат опера ва балет театри)да раққоса ва балетмейстер бўлган. 1941-69-йилларда Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа ансамблида бадиий раҳбар, балетмейстер ва актриса.1938-йил Тамарахоним икки жанрни – қўшиқ ва рақсни бирлаштириб, саҳна санъатида ўзига хос ўзгариш қилган. Тамарахоним турли тилларда куйлар эди ҳам.
Актрисалик маҳорати
1925-29-йиллар Андижон, Қўқон, Самарқанд театрларида саҳналаштирилган мусиқали драмаларда Ҳалима (Ф. Зафарий, „Ҳалима“), Ширин (Хуршид, „Фарҳод ва Ширин“), Гулчеҳра (Узеир Ҳожибеков, „Аршин мол олон“) сингари ролларни ижро этди. 1929-34 йиллар Самарқанддаги Ўзбек давлат мусиқали театри (1931-йил театр Тошкентга кўчирилган)да, 1934-35-йиллар Хоразм театрида ишлади. 1934-йил М. Яновскийнинг „Ференжи“ балетида Индра ролини ўйнади.
Балетмейстер сифатида
Тамарахоним 1932-йил режиссёр З.Қобулов ва бастакор П. Раҳимов билан ҳамкорликда Урганч шахрида театр ташкиллаштиради ва унда ҳам балетмейстер, раққоса ҳамда педагог-тайёрловчи бўлиб фаолият юритади. Тамарахонимнинг ташаббуси билан Тошкентда мумтоз балет мактаби очилади.
Раққосалик маҳорати
Тамарахоним Иккинчи жаҳон уруши йилларида консерт бригадалари билан армия қисмларида хизмат қилди. Тамарахоним қайси халқ қўшиқ ва рақсини ижро этмоқчи бўлса, ўша халқнинг тарихи, этнографияси, маҳаллий урфодатлари, санъати ва маданиятини батафсил ўрганиб, сўнг ижро этган. Унинг ижросида „Эрта билан“ (қўқонча), „Яллама ёрим“ (марғилонча), „Омонёр“ (андижонча), „Фарғонача рақс“, „Бухороча рақс“, „Мавриги“, „Лазги“ (хоразмча), „Бибижон“ (туркманча), „Янги ой“ (мўғулча), „Никоҳ тўйи“ (грузинча), „Эшикни қоқма“ (озарбайжонча), „Гулизор“ (туркча), „Чандо“ (индонезча), „Хумор кўзлар“, „Бинти шалобия“ (арабча), „Бандай тоғи“ (японча), „Чўпон рақси“, „Торази“ (корейсча), „Ширин забон“ (афғонча), „Нилуфар“ (ҳиндча), „Паризодой“ (қирғизча), „Жўра жоним“ (тожикча), „Гармончи“ (татарча), „Ой да Галя и Султан“ (украинча) каби 500 дан ортиқ қўшиқ ва рақслар 86 тилда янграган. У устози Уста Олим Комилов билан кўплаб ўзбек халқ рақсларини саҳналаштириб, ўзига хос (аёллар ва эркаклар рақси ҳаракатларини мужассам этган) услубини яратди, янги замонавий рақслар, театрлашган рақс сюжетларини, янги хореографик композицияларни („Гул ўйин“, „Садр“, „Занг“, „Пилла“, „Кема ўйини“ каби) ижод қилди. У ўзбек халқ рақс ҳаракатлари билан Европа мумтоз балет рақслари ҳаракатларини уйғунлаштирувчи дастурлар („Баҳор“, „Наво“, „Қизил ва оқ атиргуллар уруши“ ва бошқалар) яратди, булар миллий ўзбек балетини юзага келишида, миллий хореографияни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. У биринчи ўзбек балетларидан „Гуландом“ (Евгений Брусиловский, 1938) либреттосини Уйғун ва М. Яновскийлар билан биргаликда яратди, уни саҳналаштириб, бош ролни ўзи ижро этди.
Саҳнадан туриб, аҳоли билан юзланарканман, мен ва тамошабин ўртасидаги узвий боғланишни сезаман. Бизларни боғлаётган кўринмайдиган иплар сони кўп бўлгани сайин, ичимга аллаким кириб, менинг ўрнимга рақс тушаётгандай, гўйо
— Тамарахоним, Тамарахоним
М. Турғунбоева, Г. Раҳимова, Р. Каримова, Г. Маваева, Ҳ. Комилова, И. Окилов, Л. Пепгросова кабилар Тамарахонимнинг шогирдларидир. Тамарахоним Франсия, Норвегия, Германия, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон каби давлатларда гастролда бўлган.
Тамарахонимга айланиш
Тамара Москвадаги бир фестивалда ўзбек қўшиқларини ижро этиш учун саҳна юзига чиқиши лозим эди. Уни саҳнага таклиф қилиш вақтида унинг қайси республикадан эканини ҳам айтмоқчи бўлишадий, аммо „Ўзбекистондан миллий қўшиқлар ижрочиси Тамара Артёмовна Петросян“ деб таништириш ўрнига уни саҳнага исмига „хоним“ қўшимчасини қўшиб чақиришади. Шундай қилиб Тамара Петросян Тамарахонимга айланади. Фестивалда иштирок этган совет давлат арбоби Анатолий Луначарский хонимнинг саҳнадаги ижросини кўриб, унга "Шарқнинг илк қалдирғочи" дея таъриф беради[1].
Шахсий ҳаёти
Тамарахоним икки марта турмуш қурган: биринчси труппадоши Муҳиддин Қориёқубов билан, иккинчиси Пўлат Раҳимов билан. Тамарахоним Муҳиддин Қориёқубовдан бир қиз фарзанд дунёга келтирган ва 23 ёшида ажрашган[1].
Мукофотлари ва хотираси
Ўзи ташкил қилишда қатнашган республика балет мактаби 1935-47-йиллар Тамарахоним номи билан юритилган. 1935-йил Лондонда бўлиб ўтган биринчи халқаро халқ рақси ва мусиқа санъати фестивалида (Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир Исмоиловлар билан) қатнашиб олтин медал соҳиби бўлишга сазовор бўлган. 1932-йили, 26 ёшни қаршилаганда эса аёл санъаткорлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлади. 1935-йил Лондонда бўлиб ўтган Халқаро фестивалда Британия маликасининг шахсан ўзи санъатга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофот топширган[2]. Вафотидан сўнг „Буюк хизматлари учун ордени“ билан мукофотланган (2001)[3]. Тамарахоним 1941-йилда Иккинчи даражали Сталин мукофоти лауреати бўлган. Шунингдек, Тамарахонимни „шарқ Айсадора Дункани“деб номлашган. Тошкент шаҳри кўчаларидан бири (ўзи яшаган кўча)га Тамарахоним номи берилган. Тошкентда Тамарахоним уй музейи фаолият кўрсатмоқда[4].
Вафоти
Тамарахоним 1991-йил Тошкентда вафот этган. 1991-йил 28-июнида тоби қочгани учун касалхонага ётқизилган. Хоним аорта томири ёрилиб, кучли қон кетиши натижасида ҳушини йўқотади ва оламдан кўз юмади[4]. 1991-йил 2-июл куни расмий матбуотда Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Ўзбекистоннинг биринчи президент Ислом Каримов номидан Тамарахоним вафоти муносабати билан таъзия эълон қилинган[5].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 „Шарқнинг илк қалдирғочи“ (2 апрел 2023). Қаралди: 7-июн 2023-йил.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 „Тамара хонум“. Қаралди: 2023-йил 7-июн.
- ↑ "Тамарахоним" ЎзМЕ. Т-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ 4,0 4,1 „Шарқнинг илк қалдирғочи. Тамарахонимнинг уй-музейи“ (2-апрел 2023). Қаралди: 7-июн 2023.
- ↑ „Тамара Кҳанум обитуарй“. Қаралди: 7-июн 2023-йил.
Ҳаволалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 16-martda tugʻilganlar
- 1906-yilda tugʻilganlar
- Fargʻonada tugʻilganlar
- 1991-yilda vafot etganlar
- 30-iyunda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Lenin ordeni sohiblari
- Vatan urushi 2-darajali ordeni sohiblari
- Vatan urushi ordeni sohiblari
- Mehnat Qizil Bayroq ordeni sohiblari
- Hurmat Belgisi ordeni sohiblari
- Mehnatda oʻrnak koʻrsatganlik uchun medali sohiblari
- „1941-1945-yillardagi Ulugʻ Vatan urushida Germaniya ustidan qozonilgan gʻalaba uchun“ medali sohiblari
- Ulugʻ Vatan urushidagi gʻalabaning 20 yilligi medali sohiblari
- Ulugʻ Vatan urushidagi gʻalabaning 30 yilligi medali sohiblari
- Ulugʻ Vatan urushidagi gʻalabaning 40 yilligi medali sohiblari
- „1941-1945 yillar Ulugʻ Vatan Urushida jasorat bilan qilgan xizmatlari uchun“ medali bilan taqdirlanganlar
- Mehnat faxriysi medali sohiblari
- SSSR Qurolli Kuchlarining 50 yilligi yubiley medali sohiblari
- SSSR Qurolli Kuchlarining 60 yilligi yubiley medali sohiblari
- SSSR Qurolli Kuchlarining 70 yilligi yubiley medali sohiblari
- SSSR xalq artistlari
- O‘zbekiston SSR xalq artistlari
- Oʻzbekiston davlat xoreografiya akademiyasi bitiruvchilari
- Chigʻatoy qabristoniga dafn etilganlar
- Oʻzbekistonlik baletmeysterlar
- Oʻzbekiston SSR Oliy Sovetining 1-chaqiriq deputatlari
- Oʻzbekiston SSR Oliy Sovetining 2-chaqiriq deputatlari
- Alifbo boʻyicha siyosatchilar