Танглай — бурун ва оғиз бўшлиғини бир-биридан ажратиб турадиган анатомик тузилма. Қаттиқ ва юмшоқ Т. бўлади. Қаттиқ Т. юқори жағ суягининг танглай ўсиғи билан танглай суяги кундаланг пластинкаларининг бирикувидан вужудга келади. Юмшоқ Т. шиллиқ парда билан қопланган мускуллардан иборат. Юмшоқ Т.нинг орқа учида ўсиқча— тилча бор. Юмшоқ Т. ён томонларида равоқлар ҳосил қилиб, тил ва ҳалқум билан бирлашади. Равоқлар орасида ҳар июси томонда (учбурчак шаклида) муртак бўшлиғи бўлиб, унда танглай муртаги жойлашган. Қаттиқ ва юмшоқ Т. шиллиқ қавати остида майда сўлак безлари, шиллиқ қаватида эса қон томирлари ва нервлар бор.

Т. касалликлари туғма ва орттирилган бўлади. Юмшоқ ёки қаттиқ Т.нинг туғма нуқсони кўп учрайди. Бу эмбрионал ривожланиш даври (ҳомила)да танглай ўсиқларининг ўзаро ёки юмшоқ танглайнинг мускулли тузилмаси билан жипслашмай қолишидан юзага келади. Буни "бўри танглай" дейилади. Т. нинг орттирилган касалликларига унинг шикастланиши ёки касалликдан зарарланиши, яллиғланиши (мас., стоматит), хавфли ва хавфсиз ўсмалар ва бошқа киради.

Манбалар