Таносуб – шеър байтларида бир-бирига боғлиқ ва бир-бирига яқин тушунчаларни англатувчи сўзларни қўллаш санъати. Бирор нарсани ўйлаганимизда кўз олдимизга унинг белгилари, хусусиятлари келади. Масалан, қуёш ҳақида гап кетганда, аввало, унинг нур сочишини хаёлга келтирамиз, юз деганда унинг билан бевосита боғлиқ кўз, қош, лаб, оғиз кабилар хаёлда жонланади. Бир манзарани шулар ёрдамидагина тўлароқ тасаввур қиламиз. Шеъриятда ҳам шундай. Шоир бирор ҳодисани тасвирлар экан, маъно жиҳатидан унга яқин сўзларни ишлатади ва бу унинг ёрқинроқ, ишончлироқ тасвирланишига ёрдам беради. Мисол учун қуйидаги байтни келтириш мумкин:

Чақилғоч барқи ишқи жовидоний,
Етишгач бир шарар кул айлар они.

Барқ (чақмоқ), шарар (учқун), кул бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисини тақозо қилувчи тушунчалар. Ундан олдинди байтда ҳарорат, хас, ўт сўзлари келган эди. Яъни мажозий ишқ ошиқни ғамга солади, ишқ ҳарорати унинг танини қовжиратиб хашакка айлантиради. Шунда илоҳий ишқ чақмоғи чақилади-ю, ундан тушган учқун ошиқ танини ёндириб, кул қилади. Бу ердаги маънодош сўзлар ўзининг ички тартибига ҳам эга. Яна бошқа мисоллар:

Зулжинг черики жамол мулкин
Олди кўзунг иттифоқи бирла. (Атоий)
Узун сочингдин узмасмен кўнгулни,
Аёқинг қанда бўлса бошим анда. (Атоий)