Тақвим ёки календар (лотинча: cалендариум — „қарз дафтари“) — йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисоблашни шукрллоcон фазалари ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланиб туришига асосланади. Тақвимнинг пайдо бўлиши одамнинг хўжалик фаолиятини юритиш эҳтиёжи билан боғлиқ. Одамлар Қуёшнинг чиқиб ботишини кузатиб — кун, Ой ўроғининг аввал катталашиб, сўнг кичрайишига қараб — ой, йил фаслларининг давомида Қуёшнинг уфқдан қанчалик кўтарилишини кузатиб йил тушунчаларига келишган. Аста-секин вақтни яна ҳам аниқроқ ҳисоблаш эҳтиёжи билан соат, минут бирликлари, мифологик анъаналар асосида ҳафта тушунчаси киритилган. Вақт ҳисобини тўғри юритиш учун дастлабки расадхоналар қурилган, қуёш соати ўйлаб топилган.

Тақвим ҳисобининг асосий бирлиги — йил. Йил эса ойларга, ойлар эса кунларга бўлинган. Бу 3 тушунча 3 хил астрономик ҳодиса — мос тартибда Ернинг Қуёш атрофида айланиши, Ойнинг Ер атрофида айланиши ва Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши билан боғлиқ. Бу 3 ҳодисанинг давомийлиги анча мураккаблиги йилни ойларга, ойни кунларга бўлишни мураккаблаштиради. Бу масала турли халқларда турли усулда ҳал этилган ва шу тарзда қуёш тақвими (шамсий тақвим), ой тақвими (қамарий тақвим) ҳамда ой-қуёш тақвими (шамсий-қамарий тақвим) ишлаб чиқилган.

Қуёш тақвими нинг асосий бирлиги — тропик йил. Унинг узунлиги кетма-кет икки баҳорги тенгкунлик оралиғидан иборат бўлиб, 365, 2422 кун, яъни 365 кун 5 соат 48 мин. 46 сек.га тенг . Дастлабки шамсий тақвимдан фойдаланган қадимги мисрликлар бир йилни 365 кун деб олишган. Бир йил 30 кунлик 12 ойга бўлинган ва йил охирида қўшимча 5 кун қўшилган. Қадимги Римда ҳам бир йилни 365 кун деб олинган, лекин йилнинг ойларга бўлиниши яна ҳам мураккаброқ бўлган. Бундан ташқари қадимги Миср ва Рим тақвимларида йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соатига қисқа бўлгани учун баҳорги тенг кунлик ҳар 4 йилда 1 кунга сурилган ва бу ҳам чалкашликларга сабаб бўлган. Уларни бартараф этиш учун Рим консули Юлий Сезар мил. ав. 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифига мувофиқ тақвим ислоҳотини ўтказади: ҳар 4 йилдан бири 366 кунлик (кабиса) деб қабул қилинади. Бу тақвим Юлиан тақвими деб юритилади. Юлиан тақвимида бир йил 12 ойга бўлиниб тоқ ойлар 31 кун, жуфт ойлар 30 кун, фақат феврал ойи 28 кун (кабиса йили 29 кун). Дунёнинг кўп мамлакатларида ҳозиргача ойларнинг Юлий тақвимдаги номлари қўлланади.

Юлий тақвимда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа 14 сония ортиқ бўлгани учун бу фарқ ҳар 400-йилда тахминан 3 кунни ташкил қилади. Бу фарқ йиғилиб ХВИ асрда 10 кунга етган, натижада баҳорги тенг кунлик 11 март га тўғри келиб қолган. Бу номутаносиблик христианларнинг диний байрамларини белгилашда чалкашлик келтириб чиқарар эди. Шунинг учун Юлий тақвимдаги хатоликни тузатиш учун Рим папаси Григорий ХИИИ 1582-йил 24 февралда италиялик врач ва математик Луиджи Луллио лойиҳаси бўйича тақвим ислоҳотини ўтказади: 1) 1582-йил 4 октабрдан кейинги кун 15 октабр деб олинади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади; 2) тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимдаги каби 366 кун деб олинади; 3) ҳар 400-йилда 3 кун чиқариб ташланади — 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик (яъни оддий) йил деб эълон қилинади. У Григорий тақвими деб юритила бошлади. Саналарни Григорий тақвимига мувофиқ ҳисоблаш янги услуб деб аталди. Саналарни аввалгидек Юлиан тақвими асосида ҳисоблашда давом этиш эса эски услуб номини олган. Григорий тақвими ХВИ асрдан бошлаб аста-секин дунёнинг кўпчилик мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда ҳам у 1918-йил 14 февралдан қўллаб келинади.

Йил узунлиги ва ой-кунларга бўлиниш тақвимга мувофиқ юритилса, йиллар ҳисоби алоҳида келишув билан белгиланиши лозим. Қачон биринчи йил деб олиниши билан бу масала ҳал бўлади ва исталган санани ҳисоблаш имкони туғилади. Бундай келишув тақвим билан бирга хронология деб аталади. Григорий тақвими қабул қилинган мамлакатларнинг кўпчилигида хронология Исо Масиҳнинг туғилган кунидан бошланади, яъни Исо (а.с.) туғилган кун 1-йилнинг 1-январи деб қабул қилинган. Тарихнинг мана шу санасигача даври эски эра (милоддан аввал), кейинги даври эса янги эра (милодий) деб ҳам аталади.

Ой тақвимида асосий бирлик вазифасини синодик ой ўтайди. Ой Ер атрофида айланиши давомида Қуёшнинг тўғрисига келиши ой боши дейилади. Бу вақтда Ой кўзга кўринмайди, 1-2 кундан кейин у ғарбда кечқурун ўткир ўроқ („янги ой“) шаклида кўринади. Ой тақвимида 12 ой бир йилни ташкил этади. Синодик ой 29,5306 сутка, яъни 29 кун 12 соат 44 мин. 3 сек. бўлгани учун бир йил тахминан 354 кунга тенг бўлади.

Ҳозир Ой тақвими араб мамлакатларида амал қилади. ХХ асргача у асосий аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатлар, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам қўлланган ва ҳижрий (аниқроғи ҳижрий-қамарий) тақвим деб аталган. Ҳижрий тақвимда хронология пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг Маккадан Мадинага кўчиб борган (арабча ҳижрат) кунидан бошланади. Бу сана Юлиан тақвимида 622-йил 16-июл жума кунига тўғри келиши аниқланган. Ҳижрий тақвимда 12 ойдан тоқлари 30, жуфтлари эса 29 кун. Бунда бир йил 354 кун бўлиб, 12 синодик ойдан қисқа бўлгани учун ҳар ўттиз йилдан 11 таси кабиса деб олинади. Кабиса йилнинг сўнгги ўн иккинчи ойи (зулҳижжа) 30 кун бўлади. Ҳижрий тақвимда ўттиз йиллик даврлар (1-йилдан 30-йилгача, 31-йилдан 60-йилгача ва ҳоказо) қўлланади. Ҳар ўттиз йиллик даврнинг 2-, 5-, 7-, 10-, 12-, 15-, 17-, 19-, 21-, 24-, 27- ва 29-йиллари кабисадир. Масалан, ҳижрий 1426-йил кабисами-йўқми эканлигини аниқлаш учун ундан 30 га каррали қисми чегириб ташланади: 1426 — 30х47=1426 — 1410=14, демак, бу йил оддий экан, 1427-йилда эса қолдиқ 15 чиқади ва кабиса бўлишини кўрсатади.

Айрим Шарқ мамлакатларида ҳижрий тақвимнинг кабиса йиллари бошқа усулда ҳам аниқланган. Шунингдек, Эронда ҳижрий-қамарий тақвим билан бир пайтда ҳижрий-шамсий тақвим ҳам қўлланади. Унда хронология ҳижрат кунидан бошланади, аммо йил узунлиги Қуёш тақвими бўйича ҳисобланади. Йил боши сифатида баҳорги тенгкунлик — Наврўз куни, ойлар эса буржлар билан деярли устма-уст тушади.

Айрим Шарқ мамлакатларида ҳам йил, ҳам ой асосий бирлик бўлган ой-қуёш тақвимлари қўлланади. Тақвим тарихида Умар Хайём таклиф қилган ислоҳот ҳам аҳамиятга молик. У ўша даврда амалда бўлган тақвимлар билан танишиб, улардаги камчиликлардан холи бўлган қуёш тақвимини ишлаб чиққан ва салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан жорий ҳам қилинган (Юлиан тақвими бўйича 1079-йил 15-мартда). Аммо султон вафотидан (1092-йил) кейин амал қилинмай қолиб кетган. Умар Хайём тақвимида ҳар 33 йилдан 8 таси: 4-, 8-, 12-, 16-, 20-, 24-, 28- ва 33-йиллар кабиса йил бўлган. Бунда бир йил ўртача 365+8/33=365,242424 кунга тенг бўлиб, тропик йилдан атиги 19,7 секундга фарқ қилади. Умар Хайём тақвимини амалдаги тақвимлар ичида энг содда ва аниғи дейиш мумкин. Қадимдан турли халқлар турлича тақвимлар ва хронология тизимларидан фойдалангани бир тақвимдаги саналар бошқа тақвимда қайси санага мос келиши масаласини ўртага чиқарган. Бу масалани ҳал этишга, айниқса, ал-Хоразмий, Беруний ва Улуғбек катта ҳисса қўшган. Хусусан, Улуғбекнинг „Зижи жадиди Кўрагоний“ асарида ўша даврда Яқин Шарқ, Хитой, Европада қўлланган ўндан ортиқ тақвимлар ўртасидаги мутаносиблик баён қилинган.

Мусулмон Шарқи, жумладан, Ўрта Осиё халқлари тарихи, классик ва маданий ёдгорликларида саналар ҳижрий-қамарий тақвимда берилган. Шунинг учун бундай ёдгорликлар ўрганилганда ҳижрий саналарни милодий, яъни Юлий-Григорий тақвимига ўтказиш масаласига дуч келинади. Бир ҳолатда бу масалани тақрибий ҳал этиш — ҳижрий йилга мос милодий йилни ҳисоблаш кифоя қилса, иккинчи ҳолатда уни аниқ ҳал этиш — тайин ҳижрий санага милодий бўйича қайси кун тўғри келишини топиш лозим бўлади. Манбашунослар ишини енгиллатиш мақсадида турли мутаносиблик жадваллари тузилган. Жадвал бўлмаган тақдирда махсус қоидадан фойдаланиш мумкин: ҳижрий йил шартли равишда Н билан, милодий йил М билан белгиланса, у ҳолда: М=Н-С+622, Н=М-622+ Му2622. Масалан, манбаларга кўра, Алишер Навоий ҳижрий 844-йилнинг 17-рамазонида таваллуд топган, яъни Н=844. Энди 844:33 тақрибан 25,6 га тенглиги учун М=844+622-25,6= 1440,6. Одатда, бу натижа 1440/1441 (яъни 1440 ё 1441) кўринишда ёзилади. Қоидани бироз ўзгартириб, микрокалкуляторда ҳисоблашга мослаш мумкин: М=Н*354: 365+622, Н=Мх365: 354-622.

Бир тақвимдаги тайин А кунга иккинчи тақвимда қайси Б кун тўғри келишини аниқлаш лозим бўлса, у ҳолда даставвал ҳар икки тақвим учун мутаносиблиги маълум кун — бошланғич ҳисоб нуқтаси олинади. Хусусан, ҳижрий ва Юлий-Григорий тақвимлари учун бошланғич нуқта сифатида ҳижрий 1-йилнинг 1-муҳаррами милодий 622-йил 16-июлга мос келиши олиниши мумкин. Сўнг биринчи тақвимга мувофиқ А кунгача неча кун ўтгани ҳисобланади ва бошқа тақвимда шунча кун ўца, қайси сана чиқиши топилади.

Шундай қилиб, тақвимлар ўртасидаги мутаносиблик уларнинг хронологиясига (эрасига) ҳам боғлиқдир. Турли халқларда минг йиллар мобайнида турлича эралар қўлланган. Хитойда йил ҳисоби ҳукмдор Хуан Ди подшолиги бошланган сана — мил. ав. 2637-йилдан ҳисобланган. Қадимги Мисрда ягона узлуксиз йил ҳисоби бўлмаган — ҳар бир фиръавн тахтга ўтириши билан йил ҳисоби бошидан бошланган. Қадимги Бобилда Навохудонаср подшолиги бошланган мил. авв. 747-йилдан ҳисобланган эра қўлланган. Юнонистонда хронологияга 1-Олимпиада бошланган йил — мил. авв. 776-йил асос қилиб олинган. Қадимги Римда йил ҳисоби афсонавий қаҳрамон Ромул шаҳарга асос солган сана — мил. ав. 753-йилдан бошланган. Кейинчалик император Диоклетиан (Дақёнус) ҳукмдорлиги бошланган эрага ўтилган, у мил. 284-йилга тўғри келади („Дақёнусдан (алмисоқдан) қолган“ деган ибора шундан келиб чиққан).

„Дунёнинг яратилиши“дан бошланган эранинг бир неча варианти ҳам бор. Жумладан, қадимги яҳудий тақвими бўйича дунёнинг яратилиши мил. авв. 3761-йил, Византия тақвими бўйича эса мил. авв. 5508-йил содир бўлган. Ҳозирги вақтда кўпчилик мамлакатларда қабул қилинган янги эра — „Исо Масиҳ туғилган кун“дан бошланган эра қўлланади.

Григорий ХИИИ ислоҳоти тақвим вақтини астрономик вақтга яқинлаштирган бўлса ҳам тақвимнинг ички тузилишидаги ойлардаги кунлар сони бир хил эмаслиги, ҳафталарнинг ойлар ичида бўлиниб кетиши каби ноқулайликлар сақланиб қолган. Шунинг учун мукаммалроқ тақвим лойиҳаларини ишлаб чиқишга уринишлар бўлган. Масалан, Ҳиндистон ҳукуматининг ташаббуси билан тақвимни ислоҳ қилиш масаласи 1953-йилда БМТга қўйилган. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) доимий тақвим лойиҳасини маъқуллаган. Унга кўра, ҳар бир чоракда 13 та тўлиқ етти кунлик ҳафта (ҳаммаси бўлиб бир йилда 364 кун) ва йил охирида қўшимча бир кун (31-декабр ўрнига) — Тинчлик байрами куни белгиланган. Кабиса йиллари эса, шунингдек, 6- ва 7-ойлар орасида яна бир кун — Кабиса йил байрами қўшилади. Қўшимча кунлар ҳафталар ва ойлар ҳисобга киритилмайди (яъни улар қайси ой ва ҳафтанинг кунлари бўлиши кўрсатилмайди). Бу лойиҳа бўйича ҳар чоракнинг биринчи ойлари (январ, апрел, июл, октабр) 31 кундан, қолган ойлар эса роппа-роса 30 кундан ташкил топиши керак. Шунда ҳафтасига бир кун дам олиш куни ҳисобланса, ҳамма ойлардаги иш кунлари сони доимий — 26 кундан бўлади. Ҳар бир халқнинг миллий байрамлари борлиги ва дам олиш куни 2 кун килиб белгиланганлиги туфайли, бу лойиҳани айрим мамлакатлар маъқулламади. Шунинг учун 1956-йилдан кейин тақвим ислоҳоти олдинга силжимади. Кейинчалик бошқа тақвимлар лойиҳалари таклиф қилинди, лекин уларни ҳаётга жорий этиш масаласи очиқ қолмоқда.

Тақвим тарихи — инсоният сивилизациясининг узвий ажралмас бўлаги. Ташқи олам тўғрисидаги билимлар кўпайган сари ва турли даврларда халқ хўжалиги эҳтиёжлари билан боғлиқ равишда тақвимлар такомиллашиб борди. Масалан, ой тақвимининг пайдо бўлишини ибтидоий одамнинг турмуш тарзи билан боғлаш мумкин. У даврларда овчилик ва термачилик одам фаолиятининг асосини ташкил қилган эди. Аста-секин деҳқончилик ва чорвачиликка ўтилиши ой-қуёш тақвими ва қуёш тақвимининг пайдо бўлишига олиб келди. Кейинги икки юз йиллик тақвимларнинг ички тузилишини такомиллаштиришга интилиш билан тарихга кирди. ХВИИИ аср охиридаги Европадаги саноат тўнтариши, ХИХ асрдаги саноатлаштириш, ХХ асрдаги фан ва техника инқилоби тақвимни такомиллаштириш муаммосини долзарб қилиб қўйди.

Фан-техника тараққиётининг халқ хўжалигини электронлаштириш, комплекс механизациялаштириш, ЭҲМ ва компютерларни халқ хўжалигига кенг жорий қилиш билан боғлиқ ҳозирги босқичида доимий тақвимлар тузиш муаммоси долзарб бўлиб қолди. Лекин охирги пайтларда тақвимни ислоҳ қилиш масаласи кўтарилмай турибди.

Қадимги Хоразм календари

Хоразмда мил. авв. ИВ асрдан бошлаб, астрономия илми кенг тараққий этди. Икки қаватдан иборат бўлган, Қўйқирилганқал’анинг марказий саройи расадхона вазифасини бажарган. Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, қадимги хоразмликлар қуёш календарига асосланган йил ҳисобидан фойдаланганлар ва бу календар милодий И минг йилликнинг бошларигача амал қилган. „Хоразм аҳли йил ва ойлар бошлари сўғд аҳлиникига ўхшаш бўлиб, эронликларникига эса тескаридир… Хоразмликларнинг удумлари сўғдийларникига ўхшайди[1],“ — деб хабар беради Беруний. Хоразм календари йилида 365 кун бўлган, йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойдан ташкил топган[2].

Хоразм воҳасининг маълум бўлган қадимий календар тизими Александр Македонскийдан 980 йил олдин бўлган. Хоразмликлар бошида ҳафтани ишлатишмаган. Уларда ҳафта кунлари маълум моҳиятга эга деб ҳисобланган. Кунлар ҳафта таркибидаги номларидан ташқари яна бошқа номларга ҳам эга бўлган. Хоразмликлар ойнинг ҳар қайси кунига алоҳида ном қўйганлар. Хоразмликларда ва сўғдийларда бир ой ичида ўн бир куннинг номланиши бир хил шаклда бўлган.

Хоразмликлар ой номларини ишлатганлар. Улардан астрономия тўғрисида ҳукмлар чиқарганлар. Манзилларини ва исмларини ёдда сақлаганлар. Ой манзилларини ўн икки буржга бўлиб, буржларни ўз тилларида алоҳида ном билан номлаганлар. Абу Райҳон Беруний: „Хоразмликлар буржларни араблардан кўра яхшироқ билганлар“ деб маълумот беради. Хоразмликлар ва сўғдийлар йил бошини белгилаш учун ортиқча кунларни қўшишда бир хил амални бажарганлар. Улар қуёш йили ҳар 115 йил-у 365 кундан, 116 йили эса бунга 1 ой ва 1 кун қўшилади деб қайд этганлар[3].

Янги йил Хоразмда навсоржидан бошланган. „Бирор муддат ўтиб кетган йилнинг аввалидан ҳисобга олинадиган маълум бир муддатга тарих дейилади… Миллатларнинг тарихларни ишлатишда бир-бирларидан фарқ қилганлари каби, ойларнинг авваллари, ҳар бир ойнинг неча кун бўлиши ва бунинг сабаблари масаласида ҳам ажраладилар“,- деб ёзади Беруний.

Хоразмликлар фойдаланадиган ойлар ўн иккита бўлиб, ҳар бири ўттиз кундан ташкил топган[3].

Хоразмликлар исфандоражий ойининг охирига қўшиладиган ошиқча беш куннинг биринчисини ойнинг биринчи куни римжд билан атаб, қолган кунларга ҳам бирин-кетин кейинги номларини беришларини ва бешинчи кунни исфандоражий деб аташларини, ундан кейин новсоржий ойи кунни яна римжддан бошланишини А. Р. Беруний аниқлаган. Хоразмликлар охирги ойга қўшиладиган бу беш кунни алоҳида номламаганлар[3].

Манбалари

  1. ↑ Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Тошкент: Фан, 1968 — 280-бет. Қаралди: 31-октабр 2023-йил. 
  2. ↑ Абдуллаев, М. Қадимий Хоразм тарихи ва Хоразм давлатчилиги. Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти, 2019 — 17-бет. 
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 „Қадимги Хоразм календари“. хоразмий.уз. Қаралди: 31-октабр 2023-йил.

Адабиётлар

  • Бакулин П. И., Блинов И. С, Служба точного времени, Москва, 1968.
  • Селешников С. И., История тақвимя и хронология, Москва, 1977.
  • Сибулский В. В., Современниэ тақвими стран Ближнего и Среднего Востока, Москва, 1982.
  • Володомонов Н. В., Тақвим; прошлое, настояшее, будушее, Москва, 1981; Аъзамов А., Икки аср. Ҳижрий ва милодий тақвимларнинг кунма-кун мутаносиблик жадваллари.
  • Абдулла Аъзамов, Собит Илёсов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000.