"ТАРАҚҚИЙ" — жадидлар газетаси. 1906-йил 14-(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири ва муҳаррири — Исмоил Обилий. "Тараққий" том маънодаги илк миллий нашр ҳисобланади. Унинг сахифаларида чор Россиясининг Туркистонда олиб бораётган мустамлакачилик сиёсатини дадиллик билан фош қилишга бағишланган мақолалар, хабарлар ва маълумотлар босилган.

"Тараққий" да босилган фелетон ва бошқа материалларда танқидий йўналиш, фош қилиш руҳи кучли бўлгани учун у ўша даврнинг энг оммавий нашрига айланган ва жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатган. Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сўфизода, Нозимахоним, Баҳромбек Давлатбеков, Шокир Мухторий, Зариф Холиқий ва бошқаларнинг оммага миллий озодлик, тараққиёт ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилувчи асарлари "Тараққий" сахифаларида чоп этиб турилган.

"Тараққий" тутган йўл, газ.нинг маслаги ва мақсади, унда чоп этилган асарлардаги ўткир танқидий руҳ мустамлакачи маъмурларга маъқул келмаган. 19 сони чиққанидан сўнг "Тараққий" ёпиб қўйилган. Муҳаррири қамоққа олиниб, газ.нинг молмулки мусодара қилинган.