Tarbiya
Тарбия — шахсда муайян жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий педагогик жараён; инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур бўлган хусусиятларга эга бўлишини таъминлаш йўлида кўриладиган чора тадбирлар йигъиндиси. Тарбия инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган энг қадимий ва абадий қадрият ҳисобланади. Тарбиясиз алоҳида одам ҳам, кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки одам ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар тарбия туфайлигина бир авлоддан бошқа авлодга ўтади.
Тарбия атамаси
Педагогик адабиётларда "Тарбия" атамаси кенг ва тор маъноларда ишлатилади. Кенг маънода тарбия инсон шахсини шакллантиришга, унинг жамият ишлаб чиқариши ва ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган барча таъсирлар, тадбирлар, ҳаракатлар, интилишлар йиг'индисини англатади. Бундай тушунишда тарбия фақат оила, мактаб, болалар ва ёшлар ташкилотларида олиб бориладиган тарбиявий ишларни эмас, балки бутун ижтимоий тузум, унинг етакчи г'оялари, адабиёт, санъат, кино, радио, телевидение ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, кенг маънодаги тарбия тушунчаси ичига таълим ва маълумот олиш ҳам киради.
Тор маънода тарбия шахснинг жисмоний ривожи, дунёқараши, маънавий-ахлоқий қиёфаси, эстетик дидининг ўстирилишига йўналтирилган педагогик фаолиятни англатади. Буни оила, тарбиявий муассасалар ҳамда жамоат ташкилотлари амалга оширади. Таълим ва маълумот олиш тор маънодаги тарбия ичига кирмайди. Лекин ҳар қандай тарбия таълим билан чамбарчас боғлиқ ҳолдагина мавжуд бўлади. Чунки таълим ва маълумот олиш жараёнида шахснинг нафақат билими кўпайибгина қолмай, балки ахлоқий-маънавий сифатларининг қарор топиши ҳам тезлашади.
Аҳамияти
Тарбия ҳар қандай жамият ва ҳар қандай мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ёш авлоднинг , умуман, жамият аъзоларининг тарбияси билан етарлича шуғулланмаган мамлакат турғунлик ва инқирозга маҳкумдир. Негаки, ўсиши ва ривожланиши учун ҳар қандай жамиятда ҳам моддий ва маънавий бойликлар ишлаб чиқариш тўхтовсиз равишда юксалиб бориши лозим. Бунинг учун ёш авлод моддий ва маънавий бойликлар етиштиришни аждодлари даражасида, улардан ҳам яхшироқ ишлаб чиқара билишлари керак. Ёш авлодда ана шундай моддий ва маънавий қобилиятларни шакллантира билиш учун эса жамият узлуксиз равишда самарали фаолият кўрсатадиган тарбиявий интизомлар тизимига эга бўлиши лозим.
Тарбия жамият тараққиётининг турли даврларида турлича изоҳлаб келинган. Шўро замонида ҳукмрон коммунистик мафкура тарбияга синфий ва партиявий ҳодиса сифатида ёндашишни талаб этган. Шунинг учун ҳам синфий жамиятда тарбия фақат синфий хусусиятга эга бўлади ва турли синфларнинг тарбияси бир-бирига қарама-қарши туради деган қараш қарор топган. Ҳолбуки, дунё илми, айниқса, Шарқ тарбияшунослиги ва ўзбек халқ педагогикаси тажрибаси тарбиянинг синфий кўринишга эга эмаслигини исбот этди. Шунингдек, коммунистик мафкура таъзиқи туфайли тарбияда ижтимоий муассасаларнинг ўрнига ортиқча баҳо берилди, бу жараёнда ирсий ва биологик хусусиятлар деярли ҳисобга олинмади.
Шўролар даврида тарбия орқали ҳар қандай одамни истаган ижтимоий қиёфага солиш мумкин деган қараш ҳукмрон бўлганлиги сабабли ҳам унинг шахсни шакллантиришдаги ўрнига ошиқча баҳо берилди. Тарбияланувчи шахсининг тарбияга берилиш ёки берилмаслик хусусиятларининг ҳисобга олинмаслиги тарбиявий тадбирларга маҳлиё бўлишдек педагогик хатоликка олиб келди. Бунинг натижасида тарбия мақсадсиз бўлиб қолди, тарбияланувчиларга алоҳида шахс сифатида эмас, исталган ижтимоий йўналишга солиниши мумкин бўлган қиёфасиз тўда, оломон тарзида қараш қарор топди, Бу ҳол тарбиянинг самарасизлигига олиб келди. Чунки тарбиянинг асосий обекти бўлмиш шахс ва унинг ўзига хослик жиҳатлари унутилган эди. Шўро педагогик тизимидаги камчиликларнинг илдизи, асосан, мана шу ёндашув тарзига бориб тақалади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарбия ва унга боғлиқ жараёнларга янги ҳамда соғлом педагогик тафаккурга таянган ҳолда ёндашув қарор топа бошлади. Уни изоҳлашда ғайриилмий синфий-партиявий ёндашувдан воз кечилди. Тарбиянинг миллийлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун халқ педагогикаси бойликлари, ўзбек мутафаккирларининг педагогик қарашлари синчковлик билан ўрганилаяпти. Натижада, Ўзбекистон педагогикаси фани ва амалиётида оила тарбиясининг ҳам, ижтимоий тарбиянинг ҳам ўзига хос ўрни борлиги тан олина бошланди. Шунингдек, тарбияда ирсий ва биологик омиллар ҳам ҳисобга олинадиган бўлди. Айни вақтда, шахснинг шаклланишида тарбиянинг ўрнига керагидан ортиқ баҳо бериш ҳам барҳам топди. Бу ҳол тарбияга доир ҳодиса ва ҳолатларни тўғри изоҳлаш, тарбиявий тадбирлар тизимини тўғри тайин этиш имконини берди.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Тарбияга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |