Тарихий материализм (тарихни материалистик тушуниш) — марксизмнинг жамият тараққиёти тўғрисидаги қараши. Жамият тараққиётининг энг умумий қонунларини ўрганувчи фан сифатида талқин қилиб келинди. Асосий ғояларини Карл Марх, Фриэдрич Энгелс ва Владимир Ленин илгари сурган. Тарихий материализм жамият моддий ҳаёти — ижтимоий борлиқнинг ижтимоий онгга нисбатан бирламчилигини эътироф этади; жамият тараққиётининг асосида моддий ишлаб чиқариш усули ётади, деган ғояга асосланади. Ишлаб чиқариш муносабатларини устқурмани белгиловчи иқтисодий структура (жамиятнинг базиси) сифатида ажратиб кўрсатади; тарихни ижтимоий-тарихий формацияларнинг алмашинувидан иборат қонуний табиий-тарихий жараён, унинг натижасида коммунизм қарор топади, деб тушунади.

ХХ асрнинг 20—30-йилларидан тарихий материализм догмалаштирилди ва схемалаштирилди, коммунистик партиялар сиёсатига бўйсундирилди. Унда синфий бўлинишнинг сақланиши, синфий кураш, ижтимоий инқилоб каби воқеаларнинг қонуний эканлиги ва антагонистик формацияларга хослиги уқтириб келинди. Тарихий материализм жамият тараққиёти, унинг ривожланиш қонунларини бир ёқлама ёки бўрттириб талқин этган, инсон омилига етарли эътибор бермаган.