Таркиббанд (араб. — тузилиш, банд) — бир вазнда ёзилиб, ғазал тарзида (тахаллуссиз) қофияланадиган, ҳар банддаги байтлар сони тенг бўлган, ҳар банд охирида бир байт алоҳида қофияланиб келадиган шеър шакли. Лекин такрорланиб турувчи байтлар сақлансада, бандлар миқдори турли шоирларда турлича. Т. мураккаб тузилишга эга бўлиб, шоирдан алоҳида маҳорат ва тажриба талаб этади. Т. форстожик адабиётида 9—11, ўзбек адабиётида ХВ асрдан ёзила бошлаган. Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Нодира ва бошқа Т.да ижод қилишган. Мас., Навоий девонида биттагина Т. бўлиб, у ҳам марсия характерида — "ҳам ота, ҳам муршиду пир" мақомидаги Саййид Ҳасан Ардашер хотирасига бағишланган. У 7 банд — 56 байтдан иборат. Ҳар банди 7 байтлик ғазал ва ундан сўнг такрорланиб келган байтдан ташкил топган.

Замонавий шоирлардан В.Саъдулла, Чустийлар Т. ёзганлар. Чустий Т.ининг ҳар банди 5 байтдан таркиб топиб, ҳар банд охирида алоҳида байтлар такрорланиб келади.

Мисол

Навоийнинг "хазойинул маоний" асаридан:

ТАРКИББАНД

Даҳр боғики жафо шориидур ҳар чамани,

Жуз вафо аҳлиға сончилмади анинг тикани.

Кимдаким доғи вафо кўрса шаҳид айламаса,

Лоласининг не учун қонға бўялмиш кафани.

Поймол этмаса андинки келур меҳр иси,

Оёғ остида недин қолди гиёҳи дамани.

Сафҳаи хотири пок ўлмаса барбод андин,

Бас, не соврулмоқ эрурким кўрар анинг самани.

Ростлар бўлса анинг арсасида бархўрдор,

Жаврдин, бас, нега бебарлик эрур сарви фани.

Гар яқин аҳлини Мансур кеби қатл этмас,

Бас нединдур шажару сунбули дору расани.

В-ар камол аҳли жалойи ватан эрмас андин,

Нега туфроғдур ул акмали даврон ватани.

Баҳри урфон дури Саййид Ҳасан улким афлок,

Этти дуржи аро бир кўрмади андоқ дури пок.

Золи гардун кишига майли вафо айламади,

Кимда-ким кўрди вафо, ғайри жафо айламади.

Қайси бир васл кунин меҳр ила қилди равшан

Ким, яна ҳажр туни бирла қаро айламади.

Қайси давлат қуёшин чекти камол авжи уза

Ким, яна ер тўбида маскан анго айламади.

Қайси лабташнаға тутти қадаҳи соф нишот

Ким, яна қисми анинг дурди ано айламади.

Қайси дилхастаға еткурди фароғат нўше

Ким, насиби яна юз неши бало айламади.

Ҳар дил озурдағаким новаки зулм этти кушод,

Гарчи бор эрди хато, лек хато айламади.

Чекти бу зулмин анинг барча халойиқ, лекин

Чора бу дардға жуз аҳли фано айламади.

Хосса ул фони давронки, бўлуб восили ҳақ,

Қўймади кўнгли аро ғайри хаёлин мутлақ.

Гарчи ул равзаи ризвон сари рафтор этти,

Ҳажридин умрни аҳбобқа душвор этти.

Гарчи ҳуро юзи шамʻи била ёрутти кўзин,

Мотами бизга ёруғ даҳр юзин тор этти.

Гарчи учмоғ сари азм этти, вале оламни,

Ваҳки, томуғ ўтидин элга намудор этти.

Гарчи ул борди бақо мулкига, лекин юз алам

Сўгидин чархи фано аҳлиға изҳор этти.

Ҳалқаи зикр дема фақр элига шому саҳар

Ки, азосида бу эл навҳа падидор этти.

Фақр хуршиди фано шоми уёқти не ажаб

Ки, қуёшини фалак доғи нигунсор этти.

Учти ул шамʻи валоятки, фалак мотамида,

Қора кийдию дури ашкини ийсор этти.

Гарчи фақр аҳлиға бу навʻ азо кам тушти,

Мени савдозадаға ўзгача мотам тушти.

Эй фалак, айтким ул солики атвор қани,

Фақри атвори аро кошифи асрор қани?

Ташлаб ўзлукни фано бодиясин қатʻ эткан,

Ушбу йўл ҳолидин огоҳу хабардор қани?

Фақр манзилларининг раҳрави бал раҳбари,

Ҳодийи аҳли фано муршиди аҳрор қани?

Шарʻ қонунини диққат била марʻи тутқон,

Солики жодаи Аҳмади, Мухтор қани?

Қурб айвониға тақво йўлидин гом урғон,

Восили боргаҳи Қодиру Ғаффор қани?

Бу қадар манзилату қурбу буюк поя била,

Ўзини тутқучи туфроғ ила ҳамвор қани?

Мени мотамзадаға ҳам ота, ҳам муршиду пир,

Балки ҳам ғамхўру ҳам ёвару ҳам ёр қани?

Сенсизин даҳр элидин асру малолим бордур,

Кошки келсангу кўрсангки, не ҳолим бордур.

Сангаким, равзаи ризвонда фароғат бўлғай,

Даҳр вайрон чамани ичра не улфат бўлғай.

Сенки, кавсар суйидин қилғасен ўзин сероб,

Бу сароб ичра санга қайда иқомат бўлғай.

Сенгаким, хайли малак бўлса мусоҳиб мунда,

Девваш халқ қачон қобили суҳбат бўлғай.

Фақр тутқонда деб эрдинг санга ҳам еткурайин,

Манга ҳар файзки бу кўйда қисмат бўлғай.

Бўлубон кошифи асрори илоҳий бординг,

Мени маҳрумға жаҳл ичра не ҳолат бўлғай.

Бор умидимки мадад руҳунг ила қилғайсен,

Ҳар қачон оллима даврон аро шиддат бўлғай.

Ҳаргиз эткайму эдим давлати васлингни тамаʻ,

Билсам эрдики сўнги андуҳи фурқат бўлғай.

Дўстлар, бир-бириигиздин тиламанг жоми висол,

Десангиз ичмали ҳижрон қадаҳин моломол бўлғай.

Манга зулм ўлди фалакдинки чу бўлдунг бемор,

Керак эрдики мен ўлсам бошинг узра ғамхор.

Шарбатинг эзсам эди шираи жоним қўшубон,

Ичурурга қилибон жаҳд неким мумкин бор.

Ҳам ғизо мен керак эрдики тутуб оллингда,

Рағбат айларга десам эрди мулойим гуфтор.

Гаҳ бошингни тузатиб, гоҳ аёғингни ёпиб,

Эврулуб бошинга фарзандлиғ айлаб изҳор.

Гар қазо еца қилиб ҳўй ила оламни қора,

Ёқа йиртиб этибон тош ила кўксумни фигор.

Навҳалар тортибу наʻшинг кўтариб эгнимга,

Бош яланг айлабу бехудлуғ этиб мажнунвор.

Тарк этиб олам ишин қабринг уза сокин ўлуб,

Кўрсатиб элгаки не навʻ керак эрмиш ёр.

Чора йўқтур чу бу навʻ эрмас экандур тақдир,

Мумкин эрмас киши тақдирға бермок тағʻйир.

Дўстлар, даҳр вафосини хаёл айламангиз,

Буржу кохиға тамаʻ ғайри завол айламангиз.

Турфа маҳбубдурур умру вафоси йўқ анинг,

Андин истарга вафо фикри маҳол айламангиз.

Ҳар киши комил эрур, бас анга ҳақ бандалиғи,

Мундин ўзга тамаʻи касби камол айламангиз.

Йўқ жамол ичра вафо ҳусниға доғи бунёд,

Ғаррои ҳусн бўлуб арзи жамол айламангиз.

Олами фоний учун ранжу машаққат чекманг,

Мол учун ғам емангиз, фикри манол айламангиз.

Ишқ дардиға Навоий кеби мағрур ўлманг,

Ўзни ҳар маҳваш учун шифта ҳол айламангиз.

Турк пири кеби оламдин этакни силкинг,

Дўстдин ғайри таманнои висол айламангиз.

То саломат бу хатар манзилидин солиб ком,

Маʻмани васлға бўлғай тута олмоқ ором.

Адабиёт

  • Адабий турлар ва жанрлар, 2ж., Т., 1992; Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж.ли], 2ж., Т., 1977.