Тасмали узатма - машина механизмларида айланма ҳаракатни бир валдан иккинчи валга тасма ёрдамида узатувчи механизм. Валларга ўрнатилган шкивлар ва тасмалардан иборат. Тасма билан шкив орасида ҳосил бўлувчи ишқаланиш кучи ҳисобига тасма етакчи шкивдан етакланувчи шкивга буровчи момент узатади. Тасмаларнинг типига қараб, Тасмали узатма ясси, понасимон, доиравий кесимли ва бошқа тасмали хилларга бўлинади (расмга к,.). Ясси ва доиравий Тасмали узатмада битта, понасимон Тасмали узатмада эса бир неча (одатда, камида 6—8 та) тасма ишлатилади. Тасмали узатма оддийлиги, таннархининг пастлиги, ҳаракатни анча узоқ (15 м ва ундан ортиқ) масофага узата олиши, шовқинсиз ишлаши, механизмларни ортиқча зўриқишдан сақлаши ва бошқа хусусиятлари билан бошқа узатмалардан фарқ қилади; тасмаларнинг тез ейилиши, узилиши, ўлчами катталиги, вал ва шкивларга катта куч тушиши, узатиш нисбатининг доимий эмаслиги ва бошқа унинг камчилигидир. Тасмали узатма, 30 кВт дан бир неча юз кВт гача қувват узатишда қўлланади. Тасмали узатма автомобиллар, станоклар, тикув машиналари ва бошқаларда ишлатилади.