Tasnif
Тасниф (араб. — саралаш, тартибга солиш), классификация — илм ёки инсон фаолиятининг бирор соҳасига оид ўзаро бир хил тушунчалар системаси. Т. ҳар бир фанга хос муҳим мантиқий амал бўлиб, унинг воситасида шу фан доирасида тўпланган билимлар қатъий тартибга солинади. Фанни ўрганишда бундай Т. қулайлик туғдиради. Т.да бўлинувчи ва бўлувчи тушунчалар ўзининг қатъий ўрнига эга бўлади. Т. натижасида фанда муҳим аҳамият касб этувчи жадваллар, чизмалар, графиклар, кодекслар вужудга келади. Табиий ва сунъий Т.лар бир-биридан фарқ қилади. Табиий Т. обектларнинг муҳим белгиларига асосланади (мас., кимёвий элементларнинг даврий системаси). У илмий тадқиқотнинг натижаси ва муҳим воситаси бўлиб, билиш жараёнида катта аҳамиятга эга. Сунъий Т. асосида обектларнинг номуҳим белгилари ётади ва турли-туман предметларни тартибга солиш учун хизмат қилади (мас., кутубхонада китобларни алфавит бўйича жойлаштириш). Т.да мантиқдаги бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Т.лаш давр ўтиши билан ўрганилаётган обект ҳақидаги билимларимизнинг ривожланишига мое равишда такомиллаштирилиб, тузатилиб, ривожлантирилиб борилади. Т.лаш ҳар бир тушунчанинг тафаккур тизимидаги ўрнини аниқлаб беради. Т.лаш натижасида ҳосил бўлган билим предметнинг асосий хусусиятлари ҳамда улар ўртасидаги муносабатларни аниқлашга имкон яратади ва бу билимлар тартибга солинган билим ҳисобланади.
Билимларнинг келиб чиқиши, илмлар тартиби, структураси ва ўзаро муносабатини ўрганишда фанлар Т.и муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу масала билан ўтмишда кўп олимлар, жумладан, Аристотел, Форобий, Ибн Сино, Франcис Баcон, Декарт, Мил, Спенсер, Иммануил Кант шуғулланган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |