Таутомерия (юн. таутос худди ўзи ва мерос — улуш, қисм)— қайтар изомерия ҳодисаси. Бу жараёнда айни бирикманинг 2 ва бир неча изомери бир-бирига айланиб туради. Таутомерия — динамик изомерия. Агар кимёвий системада изомер — таутомер мувозанат қарор топган бўлса, унда ҳар қайси изомердан маълум ва ўзгармас миқдор бўлади. Бу системадаги айрим изомерлар миқдори ташқи ва ички омиллар (эритувчи, тра, эритмадаги водород ионлари консентрацияси ва бошқалар)га боғлиқ бўлади. Т., асосан, органик бирикмаларда учрайди. Унга кўп ҳолларда молекуладаги водород ҳамда қўш боғ ўрнининг ўзгариши сабаб бўлади. Таутомерияни ўрганишда кимёвий ва физик усуллар қўлланади. Таутомерия техника ва тирик организмлар учун муҳим аҳамиятга эга. Кўпгина кимё технология жараёнлари (айниқса, дори ва бўёқ моддалар синтези) Таутомерия ҳодисаси билан чамбарчас боғлиқ.