Tavois
Тавоис (аввалги номи Арқуд) – Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги қишлоқ.
Тарихи
Тавоис Бухоро воҳасидаги тарихий вилоят (рустоқ) ва шаҳар ҳисобланган. Милоднинг бошларида бу ерда оташкада ва оташгоҳ бўлган. Араблар илк марта бу жойда товусларни кўришгач, "Зот ут-тавоис" — "Товуслар эгаси" деб ном беришган. Табарийнинг ёзишича, Тавоисда Қутайба ибн Муслимнинг махсус қароргоҳи бўлган. 730-йил 17 ноябрда Тавоисда араблар билан турк хоқони бошчилигидаги туркийлар ва суғдийларнинг бирлашган қўшини ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтган. Бу жангда туркийлар енгилган. Илк ўрта асрларда Тавоисда жоме масжиди ва катта ҳисор (қўрғон) бўлган. Тавоис ўртасидан Абу Муслим ариғи оқиб ўтган. Тавоис Бухоро — Самарқанд катта йўлининг устида жойлашган бўлиб, Наршахийнинг ёзишича, қадимги вақтларда ҳар йили куз фаслида у жойда 10 кун нуқсонли молларнинг бозори бўлган. Фарғона, Чоч (Шош) ва бошқа жойлардан келган савдогарлар бу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланган. Тавоис аҳли деҳқончилик ҳам қилган, шу туфайли бадавлат кишилар кўп бўлган. Тавоисдан кўплаб уламо ва муҳаддислар жумладан, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тавоисий (? — 956) етишиб чиққан. Сўнгги ўрта асрларда Тавоис 2 қишлоққа: Тавоиси Боло ва Тавоиси Поёнга бўлинган. ХИХ—ХХ асрларда бу мавзе Бўион деб номланган. Тавоис яқинида илк ўрта асрларга оид Шаҳри вайрон тепалиги бор. Ҳозирда Тавоисга кираверишда товусга ёдгорлик ўрнатилган.
Адабиёт
- Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966
- История ат Табари, Т., 1987
- Абдулкарим ас Самъоний, Насабнома (Ал Ансоб), Бухоро, 2003
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |