Taxallus
Тахаллус (арабча: تخلّص — ўзини-ўзи қутқариш, озод қилиш; халос бўлиш) — бирор ижодкор (шоир, ёзувчи, рассом, олим ва шу каби) ёки сиёсий арбобнинг ижтимоий фаолияти жараёнида ўзи танлаб олган, асосий исми билан бирга ёки унинг ўрнида қўлланадиган бошқа, тўқима иккинчи номи[1][2].
Келиб чиқиши
Ҳар бир муаллиф тахаллусини муайян мақсадларни кўзда тутган ҳолда қўллайди. Масалан, омма ўртасида ўз ижодини таъкидлаб кўрсатиш, ўз исм-фамилиясидан қониқмаслик, муайян хавф-хатар, тахдиддан қочиш, яшириниш ва бошқалар.
Шарқ санъати ва адабиёти намояндалари, катта олимлари ўзларига турли нарсаларга, сифат ва хусусиятларга ишора тарзида (Улуғбек — Муҳаммад Тарағай, Навоий, Лутфий, Бобур, Мужрим Обид, Мунис, Завқий), машғулоти, касбига нисбатан (Гулханий, Чархий), туғилган ёки яшаган жойига нисбатан (Бухорий, Қошғарий, Марғиноний, Насафий, Тарозий, Хоразмий, Хўжандий, Чустий, Шоший, Югнакий, Яссавий), яшаш тарзи ёки қисматига ишора сифатида (Гадоий, Ғарибий, Узлат, Муқимий, Фурқат) ва бошқа омилларга караб тахаллус олганлар ёки танлаганлар.
Шарқда ҳам, ғарбда ҳам кўпчилик ижодкорлар фақат тахаллуси билан машҳур бўлишган. Масалан, Беруний — Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад, Навоий — Ғиёсиддин ўғли Алишер, Муқимий — Муҳаммад Аминхўжа ўғли, Ойбек — Мусо Тошмуҳаммад ўғли, Яшин — Комил Нуъмонов, Чустий — Набихон Хўжаев; Стендал — Анри Мари Бейл, Жорж Санд — Аврора Дюпен ва бошқа баъзи шоирлар бирдан ортиқ тахаллус билан (Навоий — Фоний; Мужрим — Обид; Нодир — Узлат — Маҳжур; Нодира — Макнуна — Комила каби), баъзан бир неча шоир бир тахаллус билан ("Навоий" тахаллусли 10 га яқин шоир бўлган) ижод қилганлар.
Шарқ мумтоз адабиётининг деярли барча намояндалари, кўпчилик олимлар ва баъзи сиёсий арбоблар маълум тахаллусга эга бўлишган. Тахаллус қўллашнинг адабиёцҳуносликда аҳамияти катта: баёз, девон, мажмуа каби қўлёзма манбалар матнларида қўлланган тахаллус туфайли тегишли асарларнинг муаллифлари аниқланган.
Навоий тахаллуснинг шу маънодаги аҳамиятини "Лисон ут-тайр" асарида қуйидагича изоҳлайди:
Саҳна дебосию назм иншосидур,
Ким тахаллус нозими там’осидур.
Бу ким они бирла топти имтиёз
Не варақким, назм қилди авин роз.
Ким бу Саъдий ё Низомийнинг дурур,
Ё бу Хусравнинг, бу Жомийнинг дурур.
Ҳозирги кунда тахаллуснинг шоир ёки ёзувчи ўз исми ва фамилиясини қўшимчасиз қўллаган кўриниши учрайди: Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Иззат Султон, Жамол Камол, Усмон Азим ва бошқа.
Манбалар
- ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4.
- ↑ Бегматов 2013, с. 44.
Адабиётлар
- Э. А. Бегматов. Ўзбек тили антропонимикаси М. Содиқова: . Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси „Фан“ нашриёти, 2013 — 264-бет. ИСБН 978-9943-19-250-8.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |