Taxometr

Тахометр (юнонча, тачос — тезлик ва ... метр)— машина ва механизм валларининг айланиш частотасини (бурчак тезлигини) ўлчайдиган асбоб. Ўлчаш усулига қараб, айланишлар сонини маълум вақт оралиғида ўлчайдиган, бурчак тезликни бирор физик катталикка айлантирадиган ва валнинг айланиш тезлигини маълум тебраниш частоталарига таққослаб ўлчайдиган турларга бўлинади. Т.нинг марказдан қочма, индуксион, электр, электрон ва бошқа хиллари бор. Марказдан қочм а Т.да вал айланганда бурчак тезликка мутаносиб равишда қўзғалувчи массалар силжийди. Силжиш қиймати ричагли тизим орқали кўрсаткичга узатилади. Индуксион Т.да айланувчи доимий магнит ўлчаш тизимининг металл стакани (диски) да токни индуксиялайди. Доимий магнит билан индуксияланган ток магнит майдонларининг ўзаро таъсирида стакан пружина кучини енгиб, магнитнинг минутдаги айланишлар сонига мутаносиб бурчакка бурилади. Тахометрнинг кўрсатиши шкаладан ҳисобланади. Электр тахометри ўзгармас ёки ўзгарувчан ток генератори (якори синаладиган валда айланади) ва иккиламчи асбоблар — частота бирликларида градусларга бўлинган волтметр ёки частотометрдан иборат. Электрон Т.нинг иши узгич контактлари очилганда ишга тушириш тизимининг бирламчи занжирида пайдо бўладиган ток импулсларини магнитоэлектрик кўрсаткичли асбоб токига айлантиришга асосланган. Бирламчи занжиридаги импулслар частотаси двигател валининг айланишига мутаносиб бўлади. Тахометр автомобил, авиация спидометрлари ва техниканинг бошқа соҳаларида қўлланади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |