Teatr


Театр (юнонча θέατρον – „томошагоҳ“) чекланган жойда бир ёки бир неча актёрлар ижро этадиган саҳна кўриниши орқали томошабинга фикр узатувчи сан’ат жанридир. Баъзан театр томошалари ўтказиладиган биноларни ҳам театр деб аташади (аслида уларни театр биноси деб аташ ўринли).
Театр (юн. тҳеатрон – томошагоҳ) – санъат тури; унинг ўзига хос ифода воситаси – актёрнинг омма олдидаги ўйини жараёнида юзага келадиган саҳнавий воқеадир. Театр санъатида ҳам бошқа санъатларда бўлганидек, халқ ҳаёти, тарихи, дунёқараши акс этиб, жамият тараққиёти, маънавияти, маданияти билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, такомиллашиб боради. Театр асосида оғзаки ёки ёзма драматургия ётади.
Театр синтез санъати бўлиб, жамият ҳаётида, томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Унда драматургия, мусиқа, тасвирий санъат, рақс, меъморлик ажралмас бирликни ташкил этади. Театрнинг муҳим воситаларидан бири саҳна нутқидир. Актёр қаҳрамоннинг песадаги сўзларини ўзлаштириб олар экан, қаҳрамон қиёфасида, ҳолатларда туриб унинг нутқий тавсифини яратади, бошқа персонажлар билан мулоқотга киришади. Саҳна нутқи характерларнинг очилишида, асар мазмуни, конфликтининг ёритилишида муҳим ўрин тутади (қаранг Саҳна нутқи). Саҳна асарларининг яратилишида театр рассомлиги (ссенография)нинг ҳиссаси катта. Рассом асар мазмуни ва режиссёр ечимидан келиб чиқиб, декорация яратади. (қаранг Театр декорацияси санъати). Театрда мусиқанинг ҳам ўрни катта, томоша тури ва жанрига боғлиқ ҳолда у турли вазифани бажаради: драматик спектаклларда ёрдамчи восита бўлса, оперетта, мусиқали драмада сўз билан баробар ҳуқуқга эга, опера ва балетда эса ҳал қилувчи аҳамият касб этади. (қаранг Театр мусиқаси).
Театр санъати узоқ тарихга эга бўлиб, унинг асосий унсурлари (бошқа қиёфага кириш, диалог, тўқнашув каби) инсониятнинг ибтидоий даврларида овчилик, меҳнат ва диний маросим, байрамлар билан, тотемизм, анимизм каби ибтидоий дунёқараш ва аждодларнинг руҳларига сиғиниш билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Юнонистон, Ҳиндистон, Туронда мил. авв. В асрдаёқ Театр жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган. Ҳиндистонда театр санскрит театри, халқ театри шаклларида ҳамда „Маҳобҳорат“ ва „Рамаяна“ достонлари билан боғлиқ ҳолда ривожланган; драматургия ва саҳна санъати ҳақида „Натяшастра“ номли рисола яратилган. Кейинроқ театр Яқин Шарқ ва Римга ҳам ёйилди. Айниқса, Римда театрнинг янги шакл ва турлари яратилди. Ғарбий Европада театр санъатининг дастлабки намуналари сайёҳ актёрлар жанглёрлар ижодида, Россияда скоморохлар фаолиятида юзага келган. Уйғониш даврида вужудга келган драма янги шаклдаги профессионал турнинг шаклланишига замин яратди. ХВИ асрдан опера, ХВИИИ аср ўрталаридан балет, ХИХ аср ўрталаридан оперетта мустақил театр тури сифатида ривожлана бошлади. Театрнинг кейинги тараққиёти классицизмнинг кенг ёйилиши билан боғлиқ. ХВИИИасрда маърифатчилик оқимидаги театр тараққий этди. Астасекин реалистик тенденсия кучайди. Айниқса, К. Голцони, Г. Лессинг, П. Бомарше, Ф. Шиллер ижодида реализм ёрқин намоён бўлди. ХВИИИ асрнинг охирларига келиб, драма, мелодрама, водевилларда сатирик йўналишнинг юзага келиши театрда демократик асоснинг кучайишига сабаб бўлди. Театр ғоявий ва бадиий курашлар майдонига айланди.
ХИХ асрнинг 1-ярмида вужудга келган романтик йўналиш театрда гуманистик идеаллар ва кўп ҳолларда хаёлий орзуларнинг ёритилишига олиб келди. Драмада тақлидгўйликдан иборат классицизмга қарши, ўзига хос миллийлик, халқчиллик, тарихийлик ва ижтимоий адолат учун кураш оҳанглари кенг қулоч ёйди. ХИХ аср охирларидан театрни ислоҳ қилишнинг янги даври бошланди. Театр бадиий адабиёт (проза, поэзия), янги драма (А. Чехов, Г. Ибсен, Б. Шоу ва бошқалар) билан яқинлашди. ХИХ аср охирларида ХХ аср бошларида театрда, актёрлик санъатида янги таълим услуби Станиславский системасини қўллаш бошланди. 20-йилларда В. Меерхолд, В. Таиров, В. Вахтанговларнинг режалик фаолияти театрнинг ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди. ХХ аср ўрталарида Ғарб режиссураси ва саҳна санъатига Б. Брехтнинг ижодий услуби катта таъсир кўрсатди. Замонавий театр дунё театрининг демократик, халқчил анъаналарини муттасил ўзлаштириб бориши, саҳнавий талқинларнинг рангбаранглиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистон ҳудудида анъанавий театр жуда қадимий ва бой тарихга эгадир. Унинг куртаклари ибтидоий жамоа давридаёқ ов ва бошқа мехнат жараёни акс этган танқидий рақслар, жанговар ва халқ ўйинлари, табиат кучларига топиниш оқибатида юзага келган маросимлар шаклида намоён бўлган. Мил. авв. ВИИ—ВИ-асрлардаёқ Туронда зардуштийлик ва унинг муқаддас китоблар тўплами – Авесто билан боғлиқ 2 тоифа – кулгили ва қайғули томошалари шаклланган. Юнон – Бақтрия подшолиги даврида Ойхоним, Нисо, Шаҳри Ғулғулада махсус театрлар бўлиб, уларда Еврипиднинг „Алкеста“, „Ипполит“ каби трагедиялари кўрсатилгани маълум. Мил. ав. И асрдан мил. ИВ асргача Кушон давлатида Будда дини билан боғлиқ турли театрлашган томошалар мавжуд бўлган. Айритом ибодатхонаси пештоқидаги чолғучи қизларнинг тасвирлари шуни кўрсатади. Аста-секин Турон театр санъати диний маросимлар қобиғидан чиқиб, дунёвий мазмун касб этади – инсон ҳаёти, ижтимоий муносабатларни тасвирлашга эътибор кучаяди. ВИ—ВИИ-асрлар Турон мулкидан чиққан чолғучилар, актёр ва раққосалар Буюк ипак йўли орқали қўшни юртларга ижодий сафар қиладилар. ИХ—ХИИ-асрларда халқ байрамлари, маросимлари, урф-одатлари ва улар билан боғлиқ томошалар тикланибгина қолмай, аҳоли орасида кенг тарқалди. Масхара ва тақлид Театр ривожланди. Амир Темур давлати даври (ХИВ— ХВ-асрлар)да Театр санъатида кескин юксалиш рўй берди. Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Клавихоларнинг маълумотларича, бу даврда пойтахт – Самарқандда ва бошқа нуфузли шаҳарларда театрлашган томошалар уюштирилган. Анъанавий театр ва бошқа санъат томошалари, айниқса, Мирзо Улуғбек даврида (1394—1449) Мовароуннаҳрда, Ҳусайн Бойқаро даврида (1469— 1506) Хуросонда тараққий топди. Ғиёс масхара, Хожа Дехдор, Абдулла Девона, Абдулвосеъ Мунши, Сайд Бадр каби театр санъатининг атоқли намояндалари фаолият кўрсатган. Анъанавий театрнинг кулгили турлари (масхара, тақлид, зарофат), қўғирчоқ ўйин (чодир жамол, чодир хаёл, фонус хаёл) бадиий томоша тизими сифатида ташкил топди.
ХВИИИ аср охири ХИХ аср бошларида театрнинг асосий турлари сақланиб, репертуар ва ижро услубида ўзига хос хусусиятлар ривожланди. Шаҳарларда ижрочи санъаткорларнинг касабаи созанда (мехтарлик) деган уюшмаларининг фаолияти кучайди. Хоразмда „Хатарли ўйин“, „Тўкма“ томошалари кенг ёйилди. Фарғона водийси ва Тошкентда қизиқчилик ва аския тараққий этди. ХИХ асрнинг 2-ярмида Қўқонда Зокир Эшон бошлиқ 30 га яқин қизиқчилар тўдаси, Бухорода Тула масхара бошлиқ 20 га яқин масхарабозлар тўдаси шухрат қозонди.
Кейинчалик ўзбек маданиятининг илғор намояндалари (Фурқат, Беҳбудий, Авлоний ва бошқалар) рус, татар ва озарбаижон театр труппалари томошаларига қизиқиш билан қараб, маҳаллий зиёлиларни улардан ўрганишга чақирдилар. Шу тарзда янги миллий театр яратиш ҳаракати юзага келди. 1914-йил Самарқанд (15 январ) ва Тошкент (27 феврал) да „Падаркуш“ драмасини саҳналаштириш билан янги ўзбек театри ўз фаолиятини бошлайди. Айниқса, А. Авлоний раҳбарлигида „Турон“ театрининг 1915-йил Ўзбекистон шаҳарларига қилган ижодий сафарининг аҳамияти катта бўлди. 1916-йил Ҳамза Қўқонда театр тузди. Бирин-кетин Андижон (1919), Хива (1922), Бухоро (1922)да театрлар ташкил қилинди. 1918-йилдан Маннон Уйғур „Турон“ театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)га раҳбарлик қилиб, унинг профессионал театрга айланишида, репертуарини тузиш, ижро услубини яратишда муҳим рол ўйнади. Театрнинг биринчи бўғин актёр ва режиссёрлари 1924— 27 йиллар Москвада Ўзбек Маориф уйи қошида очилган драмстудияда таҳсил олишган. 20-йиллар сўнгида Рус ёш томошабинлар Театри (1928), Ўзбек ёш томошабинлар Театри (1929) ташкил топди. Кейинроқ Наманган (1931), Қашқадарё (1932), Сурхондарё (1935) вилояти театрлари, ўнлаб туман ва шаҳар театрлари юзага келди. Тошкент ва Самарқандда Давлат рус драма театри (1934, 1938). Республика қўғирчоқ театри (1939). Навоий номидаги давлат опера ва балет театри (1939) ўз фаолиятини бошлади, шу йили Давлат комедия театри ташкил бўлди ва у бир йил ўтиб Муқимий номидаги Республика мусиқали драма ва комедия театрига айлантирилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Москва, Ленинград, Киев, Харков шаҳарларидан кўчиб келган театрлар мамлакатимиз шаҳарларида ўз фаолиятини олиб борди. 50—60–йилларда Ҳамза номидаги академик драма театри ва бошқа театрларда турли мавзу, сермазмун, ижтимоийпсихологик, маиший ва фалсафий, рангбаранг услубда спектакллар саҳналаштирилди. 1968-йил „Ёш гвардия“ театри (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театри) ташкил қилинди.
70—80–йиллар театрда зиддиятли давр бўлди; бир томондан миллий анъаналарга эътибор кучайган бўлса, иккинчидан, дабдабабозлик, ҳаётни хаспўшлаб кўрсатиш авж олди. 1976-йил „Илҳом“ театрстудияси иш бошлади. 1986-йил Республика Сатира театри ташкил топди. 80-йилларнинг 2-ярмида ҳаётни ҳаққоний акс эттириш, жанрлар ранг-баранглиги, томошавийликка интилиш майллари юзага келиб, аста-секин кучайиб борди. Бу даврда Аброр Ҳидоятов номидаги театр етакчи ўринга чиқиб олди.
Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилингач, ўзбек Театри ҳаётида ҳам янги давр бошланди. Истиқлол туфайли миллий меросга таяниб ижод қилиш, миллий қадриятлар, анъаналарни тиклашга интилиш жиддий тус олди. Бу даврда ўзбек Театрида қуйидаги илғор тенденсиялар, ижодий изланишлар кўзга ташланади: биринчидан, Театрлар репертуарида тарихий мавзунинг салмоғи ошди. Буюк аждодларимиз – алломалар, шоирлар, давлат арбоблари, лашкарбошиларнинг ҳаёти ва тараққиёт учун курашини ёритувчи ўнлаб саҳна асарлари яратилди. Саҳналарда шўролар даврида ҳатто тилга олиш ман этилган Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Имом ал-Бухорий каби алломалар, „Авесто“ китоби асосида Зардуштий ҳаётини ёритувчи саҳна асарлари вужудга келиб, давримиз томошабинлари маънавиятини бойитди, тарихий, диний эътиқодга нисбатан қарашларни ўзгартирди. Айниқса, Амир Темур ва темурийлар ҳақида яратилган 20 га яқин саҳна асарлари маънавий ва маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Иккинчидан, замонавий ўзбек Театрида тасаввуф билан боғлиқ „Муҳаббат султони“, „Машраб“ (Миллий театр), „Хитой маликасининг сири“ (рус театри), „Умар Хайём“, „Ато этилган муҳаббат тариқати“ (Ўзбекистон ёшлар театри), „На фалакман, на фаришта“ (Муқимий театри), „Шайҳ санъон“, „Рақсу самоъ“ („Эски масжид“ театр студияси) каби спектакллар Театрларимизнинг энг мураккаб мавзуларга дадил қўл ураётганлари, янги манбаларни очаётганларидан далолатдир. Шу йўналишда Алишер Навоий асарларини Театр саҳнасида янгича талқин этиш бошланди. Учинчидан, жаҳон ва миллий мумтоз драматургия намуналарини замонавий талқин ва воситаларда саҳналаштириш бошланди. Навоий, Шекспир, Молер, Айний, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Авлоний, Ғафур Ғулом асарларининг саҳнавий талқинлари шундан гувоҳлик беради. Тўртинчидан, Театрларда илгари қолоқлик белгиси сифатида қараб келинган этнография ва фолклор манбалари воситаларидан фойдаланиш бутун бир услубий йўналиш сифатида кўзга яққол ташланиб, саҳна санъатининг миллий ўзига хослигини кучайтиришга хизмат қилмоқда. „Алпомиш“ қаҳрамонлик достони асосида пойтахт ва вилоят Театрлари саҳналарида яратилган 10 га яқин спектакллар ҳам бу йўналишнинг истиқболидан нишонадир. Бешинчидан, драматургия ва Театрда замонавий мавзуларда асарлар яратилиб, саҳналаштириш йилдан йилга сезиларли тус олиб бормоқда. Замонавий мавзулар кўпроқ мелодрама, комедия, трагикомедия жанрлари доирасида ишланмоқда. Айниқса, маишияхлоқий комедиялар Театрлар репертуаридан кенг ўрин эгаллади.
Ўзбекистон Мустақиллиги куни Мустақиллик йилларида Фарғона, Хива, Қарши, Наманган, Термиз шаҳарларида қўғирчоқ Театрлари иш бошлади. Аббос Бакиров номидаги жамоатчилик асосида ишлаб келаётган ёшлар театри давлат тасарруфига олиниб, Андижон болалар ва ёшлар театри га айлантирилди (1990).
Ўзбекистонда ўтказилган „Шарқ ва Ғарб“ Театр санъати фестивали, „Хумо“ халқаро ёшлар театрлари фестивали, „Наврўз“, „Андижон баҳори“ республика Театр фестиваллари, Германиянинг „Андер Рур“ театри билан „Мулоқот“ театри студияси ҳамкорлигида тузилган „Ипак йўли – театр саёҳати“ лойиҳаси асосида ўтказилаётган икки томонлама анжуманлар, қўғирчоқ Театрлари фестиваллари Театр санъатининг янги ижтимоий шароитда ривожланишида муҳим рол ўйнамоқда. Ўзбек театри жамоалари дунёдаги бир қатор мамлакатларда ижодий сафарда бўлиб, ўзбек Театр санъати ютуқларини намойиш этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998-йил 26-мартда эълон қилинган „Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида“ги фармони ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу асосда қабул қилган „Ўзбектеатр“ ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори Театр санъати стратегиясини белгилаб берди. Шу асосда „Ўзбектеатр“ ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, унинг қошида „Атрмадад“ жамғармаси, Театр ижодкорлари уюшмаси тузилди. „Театр“ журнали нашр этила бошлади. Мунтазам равишда турли семинар ва фестиваллар ўтказилмоқда. Давлатлараро шартномаларга мувофиқ хорижий мамлакатлардаги ижодий ташкилотлар, халқаро бирлашмалар билан алоқалар ўрнатилмоқда Америкалик режиссёр Девид Каплан, британиялик Майкл Беркут ва бошқа ўзбек театрида, Б. Йўлдошев Франсияда, Н. Абдураҳмонов Исроилда, М. Юсупов АҚШда асарлар саҳналаштирдилар. Ҳамза театрига эски бино ўрнига замонавий муҳташам бино қуриб берилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001-йил 21 сентябрда эълон қилинган махсус фармони билан ушбу театрга „Миллий театр“ мақоми берилди.
Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидаги 37 та Театр ва театр студиялар, ўнлаб нодавлат ва хусусий Театрлар фаолият кўрсатади (2004).
Адабиёт
- Авдеев А. Д., Происхождение театра, М.— Л., 1959; Стан иславски й К. С, Собр соч., т. 18, М., 1954-61; Хорижий театр тарихи (русчадан С. Турсунбоев таржимаси), т. 1—2, Т., 1997, 1999; Раҳмонов М., Ҳамза (ўзбек давлат академик драма театри) тарихи, Т., 2000; Қодиров М., Ўзбек театри анъаналари, Т., 1976; Ўзбек театри тарихи, Т., 2003.
Муҳсин Қодиров.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |