Телефония — телефон алоқага доир омилларни ўрганиш ва бундай алоқани амалга ошириш учун мўлжаланган аппаратларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи фан ва техника соҳаси. Илмий-техник фан сифатида Т. товуш майдони хоссаларини ўрганиш; товуш ўзгартиргичлар ва телефон аппаратларини ҳисоблаш ва лойиҳалаш; кўп каналли телефон алоқа техника воситаларини ишлаб чиқиш; телефон аппаратлари ва телефон алоқа трактлари орқали узатилаётган товуш сифатини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш; телефон стяларининг коммутация ва бошкариш аппаратларини ҳисоблаш ва лойиҳалаш; телефон тармоқларини лойиҳалаш; коммутация аппаратурасининг ишини назорат қилиш ва ишончлиги (пухталиги) ни ошириш усулларини ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар билан шугулланади. Т.нинг асосий вазифаларидан бири телефон алоқанинг янги замонавий тизимлари ва аппаратларини ишлаб чиқиш ва амалда жорий қилишдан иборат. Бунда электроника ва электрон техника ютуқларидан фойдаланилади. Телеграф алоқанинг янги замонавий самарадор техникавий воситалари — квазиэлектрон ва электрон коммутация воситалари, уяли ва рақамли, ўзи жавоб берувчи ва қайд қилувчи телефон аппаратларини яратишда Т. муҳим аҳамият касб этади.