Темуршоҳ Дурроний−Аҳмадшоҳнинг тўнғич ўғли ҳамда валиаҳди, 1741-йилда Эроннинг Мозандарон вилоятида дунёга келди. Бу вақтда Аҳмадхон ҳали Нодир Афшор хизматида бўлиб, шоҳ томонидан шу вилоят ҳокими этиб тайинланган, бундан олдин эса Нодиршоҳ саройининг ясавулбошиси вазифасида хиз¬мат қилган эди. Нодиршоҳ 1747-йилда сарой фитнаси натижасида ўлдирил¬гач, юқорида айтилганидек, Аҳмадхон қўл остидаги жангчиларни олиб Қандаҳорга қайтди, оиласи — Темуршоҳ ва унинг онасини эса Машҳадда қолдирди. У икки йилдан кейингина оиласи ва ёш шаҳзодани Қандаҳорга олиб келди. Аҳмадшоҳ 1756 йилдаги Ҳиндистонга қилган юришида шаҳзода Темурни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади, шу сафар даво-мида уни уйлантириб, Панжоб вилоятининг ҳокими этиб тайин-лайди. Орадан тўрт йил ўтгач эса, отаси шаҳзодани Ҳирот ви¬лояти ҳокими этиб тайинлайди ва у то Аҳмадшоҳ ўлимигача, яъни 13 йил давомида шу ерда қолди. Темуршоҳ 1773-йилда ота¬си вафоти хабарини олгач Қандаҳорга келди ва тахтни эгаллади. Кўриниб турганидек, Темуршоҳ тахтни эгаллагунига қадар кўпроқ Хуросонда, форсийзабон муҳитда яшади ва табиий равишда унинг дунёқараши, маданий ва адабий диди ана шу муҳит таъсирида шаклланди. Бунинг натижаси ўлароқ, у тахтни эгаллаганидан бир йил ўтибоқ пойтахтни Қандаҳордан Кобулга кўчирди. Сарой маданий муҳитининг шаклланишига баракали таъсир кўрсатган бу ишнинг бошқа сиёсий сабаблари ҳам бор эди. Темуршоҳнинг пойтахтни кўчиришга мажбур қилган муҳим сабаблардан бири унинг дурроний қабила хонлари билан бўлган муносабатидаги мушкилликлар эди. Биринчидан, Аҳмадшоҳ ўлимидан кейин вазир Шоҳ Валихон бошлиқ сарой аҳли Темурни четга суриб, унинг укаси Сулаймонни подшоҳ қилиб кўтардилар. Темур Ҳиротдан кўп сонли ҳарбий куч билан келгач эса, Сулаймон тахтни ташлаб қочишга мажбур бўлди, вазир Шоҳ Валихон ва уни қўллаб-қувватлаган бир неча хонлар қўлга оли¬ниб қатл этилди. Темурнинг бу иши дурроний хонлари орасида норозилик уйғонишига сабаб бўлди. Иккинчидан, Кобул давлатнинг шимолий ва айниқса, хазинага келадиган тушумнинг улкан қисмини таъминлаб турган шарқий вилоятларга яқинроқ жойлашгани мамлакатни идора қилишда бирмунча афзалликларга эга эди. Пойтахтнинг Қандаҳордан Кобулга кўчирилиши давлат миқёсида дарий тили мавқеининг яна ҳам юқори кўтарилишига олиб келди. Эндиликда дарий тили ҳам хўжалик соҳасида, ҳам маданият ва адабиёт соҳасида асосий тилга айланди. Сарой адабий муҳитида ҳам дарийзабон ижодкорлар юқори мавқеъни эгалладилар. Темуршоҳ ўз фаолияти давомида сиёсий ва хўжалик жиҳатидан марказий ҳукумат ролини оширишга, мамлакатни ободонлаштиришга, фан ва маданиятни ривожлантиришга ҳаракат қилди. Бунинг учун у тажрибали меъморлар, хўжалик юритувчи кишиларни ишга жалб этди, кўзга кўринган адиблар, хаттотлар ва санъат намояндаларини саройга тўплади. У бу ишни фақат сарой ҳаёти анъанасига риоя қилгани учунгина қилмас, балки ўзи табиатан умрини кўнгилхушлик билан ўтказишни хуш кўргани учун ҳам қилар, атрофига адабиёт ва санъат намояндаларини йиғарди. У бир шеърида шундай ёзган эди: پیش از آنکه از تو فلک داده خود بستاند، خذ من العیش نصیباً و من العمر نصاب .

Фалак сенга берган умрни қайтариб олишдан аввал –

Ҳаётдан сенга насиб қилганини олгин ва сенга берилган умрни яшагин. Бошқа ўринда эса, у дунё ташвишлари тугамаслиги, шунинг учун инсон ўз ҳаётини кўнгли истагандек ўтказиши лозимлигини таъкидлайди. بکام دل گذران عمر خود شه تیمور، که واردات غم دهررا شماری نیست . Шоҳ Темур, умрингни кўнглинг истагандек ўтказгин, Чунки дунё ғамларининг сон-саноғи йўқдир.

Адабиётлар

  1. Маннонов А. Афғонистон халқлари фолклори ва мумтоз адабиёти тарихи, 140 бет.
  2. Фўфалзойи, Темуршоҳ Дурроний, 451 бет