Тепагавр — қадимги қишлоқ харобаси (мил. ав. 5—2-минг йиллик). Мосул ш. (Ироқ)дан 25 км шарқда жойлашган. Э. А. Спайзер раҳбарлигидаги АҚСҲ археология экспедицияси (1927 ва 1931— 38) текширган. Т.Г.нинг энг пастки 20 маданий қатлами бу ерда ўтроқ деҳқончилик қишлоғи вужудга келган давр — Халаф маданияти (мил. ав. 5-минг йиллик)га оид, 19—12-маданий қатламларидан Убайд маданиятит оид материаллар топилган. 11—8-маданий қатламлардан бошлаб Гавр маданияти шакллана бошлаган. Бу даврда қўлда ясалган бўяма сопол идишлар ясаш ривожланган, тош тахталардан зодагонларга мўггжалланган мақбаралар қурилган. 8—7-қатламлар (мил. ав. 4—3-минг йиллик бошларидан) дастгоҳда тайёрланган сопол идишлар, силиндрсимон муҳрларнинг топилиши бу даврда ҳунармандлик тараққий қилиб, ибтидоий жамият емирила бошлаганидан дарак беради. 3—1-маданий қатламлардан Ҳуррийлар маданияти (мил. ав. 2-минг йиллик)га оид материаллар топилган. Ашёвий далиллар Т.Г.да ҳаёт мил. ав. 2минг йиллик ўрталаригача давом этганини тасдиклайди.

Манбалар