Termiz tumani
Термиз тумани — Сурхондарё вилоятидаги туман. 1926-йил 29-сентабрда ташкил этилган. Жанубий ва ғарбдан Афғонистон, шарқдан Тожикистон, шимолидан вилоятнинг Ангор ва Жарқўрғон, шимоли-ғарбдан Музработ туманлари билан чегарадош. Майдони 0,86 минг км². Аҳолиси 78,6 минг киши (2004). Туманда 5 қишлоқ фуқаролар йиғини (Паттакесар, Пахтаобод, Учқизил, Хотинработ, Янгиариқ) бор. Маркази — Учқизил қишлоғи.[1]
| туман | |
|---|---|
| Таркибида | Сурхондарё вилояти |
| Маъмурий маркази | Учқизил |
| Расмий тиллар | Ўзбек |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Харитада | |
|
| |
Табиати
Термиз тумани республиканинг энг жанубида, Термиз шаҳри яқинида жойлашган. Туман ҳудудининг шарқий қисми Ҳисор тоғ тизмасининг давоми Тўйинтоғ, Кайкитоғ ва унинг этаклари, Хотинработ ва Қизириқ чўллари ҳамда унинг давоми — Қорақир, Учқизил, Каттақум массиви, Эски Термиз адирлари ва қирлари билан банд. Бу ерлардан яйлов сифатида фойдаланилади. Жанубий ва ғарби — Сурхондарёнинг Амударёга қуйилган қисми ва Амударё, Сурхондарё соҳилларидан иборат бўлиб, тупроғи тақир ва шўрхок. Амударё, Қорасув, Шерободдарёлари туман ҳудуди орқали ўтади. Фойдали қазилмалардан нефт топилган. Тупроғи, асосан, оч сарғиш қум аралаш тупроқ. Адир ва сойликларда (шимоли-ғарбида) қўнғир қум тупроқ бўлиб, чириндиси анча кам. Сурхондарё соҳилларида тўқай қўнғир тупроғи ва қум тупроқ учрайди. Ўсимликлардан оқ саксовул, черкез, тароқбош, ялтирбош, янтоқ; дарё бўйларида юлғун, жийда, терак, қиёқ, қамиш; тоғларнинг баланд қисмида бетага, дарахт ва буталардан арча, ёввойи мевали дарахтлар ўсади. Амударё водийсида тўқайзорлар бор.
Ёввойи ҳайвонлардан дарё бўйларидаги қамишзор ва чўлларда қирғовул, каклик, тустовуқ, қуён, жайра, бўри, чиябўри, тулки, ёввойи мушук учрайди. Термиз тумани ҳудудида Сурхондарё қўриқхонаси жойлашган.
Туманда Занг канали (Сурхондарёдан сув олади), Ғалаба, Аму-Занг (Амударёдан сув олади) суғориш каналлари, Учқизил сув омбори қурилган. Иқлими кескин континентал. Июл ойнинг ўртача ҳарорати 31,4°, энг юқори ҳарорат48° га етади. Январ ойининг ўртача ҳарорати 2,8°, энг паст ҳарорат—21°. Туманнинг жануби-шарқий қисмида „Афғон шамоли“ эсади ва экинларга зарар етказади. Вегетация даври 226 кундан 266 кунгача. Ёзда ҳароратнинг юқорилиги, илиқиссиқ кунларнинг узоқ давом этиши туманда иссиқсевар субтропик ўсимликлар — ингичка толали пахта, хурмо ва ҳатто шакарқамиш, апелсин, мандарин етиштиришга имкон беради.
Аҳолиси
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (80,2%), шунингдек, туркман, тожик ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км² га 91,4 киши тўғри келади.
Иқтисодиёти
Туман хўжалигининг асосий тармоқлари — пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, мевачилик, полиз ва сабзавотчилик. Ингичка толали пахта етиштириш илк бор Термиз туманида синаб кўрилган. Туман ҳудудида Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институтининг Сурхондарё филиали ишлаб турибди. Бу ерда селексионер олимлар сўнгги йилларда ингичка толали серҳосил ва тезпишар пахта навларини яратмоқдалар. „Термиз 1“, „Термиз 16“, „Термиз 24“, „Термиз 31“, навларидан юқори ҳосил олинмоқса. Тумандаги жами 599 корхонадан 92 таси давлат ва 507 таси нодавлат корхоналардир.
Термиз туманида 4 қўшма корхона, 14 аксиядорлик жамияти, 20 масъулияти чекланган жамиятлар ва 339 саноат, қурилиш ва бошқа корхоналар бор.
Тумандаги 13 минг га суғориладиган ерда деҳқончилик қилинади, шундан 5400 га ерга пахта, 5179 га ерга ғалла, 560,2 га ерга сабзавот, 122,2 га ерга картошка, 104 га ерга полиз экинлари экилади. 394 га мевазор, 242 га ер токзор билан банд. Иҳота дарахтзорлари, ўрмонзорлар мавжуд. Термиз туманида 9 ширкат, 1858 фермер хўжалиги фаолият кўрсатади, паррандачилик фабрикаси ишлаб турибди (2004).
Туманда жами 24,6 минг қорамол (шу жумладан, 12,5 минг сигир), 39,6 минг қўй ва эчки, 329,7 минг парранда, 226 от боқилади (2003). Туман ҳудудидан темир йўл линияси ўтган. Туман маркази (Учқизил қишлоғи) дан Термизга автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
2003/04 ўқув йилида тумандаги 32 умумий таълим мактабида 22,5 минг ўқувчи, 2 касб-ҳунар коллежида 950 ўқувчи таълим олди. Лицей, болалар мусиқа мактаби, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатади. Туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоклари, 5 маданият уйи ва клуб муассасаси ишлаб турибди. 2 касалхона, 9 қишлоқ врачлик пункти, 18 фелдшеракушерлик пункти ва бошқа тиббий муассасаларда 87 врач, 641 ўрта тиббий ходим ишлайди. 2 шошилинч ёрдам стяси, 3 дорихона мавжуд (2003).
Туман ҳудудида „Жайронхона“ балнеологик шифохонаси, Республика тиббий тикланиш ва физиотерапия илмий тадқиқот институтининг 180 ўринга мўлжалланган Термиз филиали ташкил этилган. Бу ерда қум ваннаси, буғ терапияси, минерал сув, туз ғорлари каби даволаш усуллари бор. Беморларни муолажа қилишда минерал суви, қум ва тогда ўсувчи доривор ўсимликлардан тайёрланган ичимликлардан кенг фойдаланилади. Сайёхлик маскани барпо этилган.
1990-йилда туманда радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни кучлантириб берувчи телеминора (бал. 368 м) ишга туширилди.
Термиз тумани ҳудудида Эски Термиз харобалари (умумий майдони 300 га) сақланиб қолган. Шунингдек, Қоратепа, Чингизтепа, Қирққиз қалъаси, Тўртауз гумбаз мақбараси харобалари, ЗулКифл мозори, Уйиқгумбаз, Хўжа Рўшноий мақбаралари, Ҳаким ат Термизий, Султон Саодат меъморий мажмуалари, Катта масжид, Кокилдор ота хонақоҳи каби меъморий ёдгорликлар сақланган.
Манбалар
- ↑ "Термиз тумани" ЎзМЕ. Т-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2018-10-28 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |