Терраса (франс. террассе, лот. терра — ер) — 1) (геология ва географияда) дарё, кўл ва денгизлар қирғоқлари ҳамда тоғларнинг ён бағирларидаги келиб чиқиши турлича бўлган, тик ён бағир билан чегараланган горизонтал ёки нишаб табиий саҳн; шунингдек, улар денгиз сатҳидан пастда сув тагида ҳам учрайди. Т. якка ҳолда ёки устма-уст жойлашган бўлиб, зинапоя кўринишга эга. Т. тектоник кўтарилишлар, иқлимнинг ўзгариши натижасида дарё ўзанининг вақти-вақти билан ўйилиши, денгиз ва кўллар сатҳининг пасайиши натижасида вужудга келади. Эрозион, эрозионаккумулятив ва аккумулятив Т. фарқ қилинади. Эрозион Т. тектоник кўтарилишларнинг кучайиши, сув оқимининг кўпайиши ва дарёлар қуйиладиган денгиз ва кўллар сатҳи (базис эрозия)нинг пасайиши оқибатида келиб чиқади ҳамда туб жинслардан тузилган бўлади. Эрозион аккумулятив Т.нинг юқори қисми дарё ётқизиқлари (аллювий), пастки қисми туб тоғ жинсларидан иборат. Аккумулятив Т. фақат дарё ётқизиқларидан ташкил топган. Дарё Т.си кенг тарқалган бўлиб, улар дарё ўзани ва қайирининг ости ҳисобланади. Т.нинг сони эрозион сикллар ва уларда дарё ётқизиқларининг тўпланиш сонини кўрсатади. Энг юқори Т. нисбатан қад., пастдагиси энг ёши ҳисобланади. Дарё водийсидаги Т. сони турлича бўлади. Масалан, Чирчиқ дарёсининг қуйи қисмида 4—5 та, юқори қисмида 20 дан ортиқ Т. бор. Энг кенг Т. текисликларда оқаётган дарёларда бўлиб, эни ўнлаб км ни ташкил қилади. Т.дан қишлоқ хўжалигида, йўллар, шаҳар ва қишлоқлар барпо этишда фойдаланилади; 2) асосий бинонинг умумий томи остида қўшимча қурилган йўлаксимон айвон, пешайвон, устунли, баъзан ойнавандли, бир ёки кўп қаватли Т., уч томони очиқ, баъзан усти ҳам очиқ бўлиши мумкин. Дала ҳовли, дам олиш уйлари, санаторийларда кўп учрайди, очиқ ҳавода дам олиш хонаси вазифасини ўтайди. Т.лар бино ва иншоот қиёфасига кўркамлик бахш этиб, фойдаланиш учун қулайдир.