Texnik diagnostika
Техник диагностика - машиналар, қурилмалар, техник тизимлар, уларнинг қисмлари, элементлари ва бошқаларда нуқсонлар ва бузилишлар мавжудлигини ифодаловчи аломатларни аниқлаш ва ўрганиш. Машиналар, қурилмалар ва техник тизимларнинг рисоладаги иш маромлари ёки ҳолатларидан муайян даражадаги оғишларни олдиндан билиш, олдини олиш ва бартараф қилиш мақсадида ўтказилади. Техник диагностика назорат қилинаётган обект (машина, қурилма, телевизор ва бошқалар)ни ташқи кўздан кечириш, махсус диагностика аппаратлари ёки диагностика дастурларидан фойдаланиш йўли билан амалга оширилади. Ҳаракатланувчи обектлар (автомобиллар, мотоцикллар, тракторлар ва бошқалар) махсус устахоналар ёки таъмирлаш корхоналаридаги диагностика пунктларида, муқим (қўзғалмас) обектлар (станоклар, техник тизимлар ва бошқалар) турган жойида Техник диагностикадан ўтказилади. Назорат қилинаётган обект ва уни текшириш воситалари (аппаратлари ва бошқалар) биргаликда диагностика тизимини ташкил қилади. Улар ўзаро таъсирлашиб, диагностика алгоритмини амалга оширади. Натижада обектнинг техник ҳолати тўғрисидаги хулоса тузилади (мас., "машина бузуқ эмас", "станок ишга яроқсиз", "телевизорда частоталар детектори ишдан чиққан" каби хулосалар қайд қилинади). Техник диагностикани амалга ошириш учун обектнинг математик модели (унинг рисоладаги ва бузуқ ҳолатлари баёни) ни тузиб олиш усулидан ҳам фойдаланиш мумкин. Мас., шовқин билан ёки титраб ишловчи обектларни текширишда шовқин ёки титраш эгри чизиқлари (акустик Техник диагностика усули), микроэлектрон технология ёки пайвандлаш жараёнида обектларни рентген нурларида тасвирлаш модел вазифасини ўташи мумкин.
Диагностика воситаларини аппаратли, дастурли ва дастураппаратли турларга бўлиш мумкин. Ҳозир Техник диагностиканинг компютерли ва рақамли воситаларидан кенг фойдаланилади. Техник диагностика техник обектларнинг ишончлилигини таъминлаш ва рисоладагидек тутиб туришда жуда муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Услубий жиҳатдан Техник диагностиканинг тиббий диагностика билан умумий томонлари мавжуд (қаранг Диагностика, Диагностика воситалари).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |