Клестил Томас (1932.4.11, Вена) — Австрия федерал президенти. Вена иқтисодиёт ва ишбилармон маъмурлар университетини тугатган (1956). Австрия федерал канслери бюросида иқтисодиёт ва тижорат департаменти (1957—59), Париждаги Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича ташкилот ҳузурида Австрия миссияси (1959—62), Австриянинг АҚШдаги элчихонаси (1962— 66) ходими, Австрия федерал канслерининг иқтисодий сиёсат ва ташқи савдо бўйича бюроси директори ассистенти (1966—69), Лос-Анжелес шаҳрида Австриянинг Бош консули (1969—74). Австрия ташқи ишлар вазирлигида БМТ департаменти раҳбари (1974—78). 1978—82 йилларда Австриянинг БМТдаги, 1982—87 йилларда АҚСҲ ва Америка давлатлари ташкилотидаги элчиси. 1987—92 йилларда Австрия федерал ташқи ишлар вазирлигининг бош котиби, 1992-йил майдан Австрия Республикаси федерал президенти.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил