Tillaqosh
Тиллақош — заргарлик буюми; аёлларнинг бош кийими устидан пешонага тақиладиган тақинчоғи. Тилла ёки тилла суви югуртирилган кумуш ва бошқа металлардан ясалади. Т. асосини қайрилма қош шаклидаги бир-бири билан туташадиган 2 бўлак ҳосил қилади, бўлаклар туташган жойга бир дона лаъл қадалади, бўлаклар юзаси нақшлар билан безатилиб, юқори чети феруза кўзлар билан ҳошияланади; қайрилма қош шаклининг юқорисига панжарали нақшлар ишланади ва Т. учбурчак шаклидаги тож кўринишига эга бўлади, панжарали гуллар ўртасига феруза кўзлар билан ҳошияланадиган маржон ва бошқа қадамалар ўрнатилади. Т.нинг қуйи қисмига ўзаро алмашиниб келадиган майда мунчоқ ва япроқчалар терилган бири калта, бири узун занжирлар осилади. Т.нинг юқори қисмининг маркази (учи) ва икки чеккасидан занжирлар чикарилиб, улар марказда бирлашади ва илгак билан якунланади. Бир хил бадиий усулда безатилган Т. гажак, исирға, зебигардон билан бирга ансамбл ҳосил қилади. Т. шаклига ўхшаш пешонага тақиладиган зийнат буюми Фаргона водийсида баргак, тепа қисмидаги панжарали нақшлари бўлмаган тури Бухорода боло абру деб ҳам аталади, Хоразмнинг осматузи тақинчоғи ўзига хос безатилиши билан Т.дан фарқ қилади. Қадимдан келин ҳамда ёш аёлларни ҳимояловчи тумор вазифасини бажарган. Т. ҳозир, асосан, тўй маросимида ва раққосаларнинг миллий либосининг таркибий қисми сифатида қўлланади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |