Тимпанал органлар (юн. тймпанон — тимпан — ноғора) — ҳашаротлар (тўғри қанотлилар, жизилдоқлар, айрим капалаклар, тўрқанотлилар)нинг овоз чиқариш органлари; ўз тури ва айрим йиртқичлар (мас., кўршапалаклар эхолокация) сигналларини қабул қилади. Тимпанал органлар тимпанал мембраналар ва уларга ёки трахеяларга бириккан сезгир хордотонал сенсиллалардан иборат. Улар сони 2—4 дан (тангачақанотлилар) бир неча ўнта (тўғриқанотлилар), ҳатто бир неча юзтагача (жизилдоқлар) бўлади. Тимпанал органлар олдинги оёқларнинг болдир қисмида темирчаклар, чирилдоклар, бузоқбошилар, кўкракда (сув қандалалари) ёки қанотларда (тўрқанотлилар) жойлашган. Тўғри қанотлилар Тимпанал органлари 0,2— 100 кГс, жизилдоқлар 0,2—20 кГс, тангачақанотлилар 1—240 кГс частотали диапазондаги товушларни қабул қилади. Тимпанал органлар эшитиш органи бўлган ҳашаротларда яхши ривожланган.