Тиндиргич (сув хўжалигида) — оқим тезлиги пасайганда суюкликдаги муаллақ аралашмалар чўкадиган резервуар, ҳовуз, камералар. Гидротехника ва суғориш системаларида Т. каналлардаги лойқа, насос ва турбина парракларини шикастлайдиган оқизиқларни чўктиришга мўлжалланган. Одатда, Т. сув олгич (чиқаргич) иншоотлари таркибига киради ёки алоҳида қилиб қурилади. Конструксияси бўйича Т. бир ёки кўп камерали; унга чўккан оқизиқларни чиқариб ташлаш усули бўйича эса узлуксиз ёки вақтвақти билан ювиб туриладиган, механик усулда тозаланадиган (землесос снаряди, каналказгич, гидромониторлар ёрдамида) ва аралаш усулда ишлайдиган турларга бўлинади. Даврий ювиб туриладиган кўп камерали Т. кенг тарқалган (камераларни истеъмолчига сув беришни тўхтатмаган ҳолда тозалаш мумкин). Т.да сувнинг оқим тезлиги 0,2—0,4 м/с. Т.дан сув тозалаш стяларида оқинди сувларни тозалашда ҳам фойдаланилади.