Типология (тип ва ...логия) — обектларни мавҳум, умумлашган модел (тип)лар ёрдамида илмий тасниф қилиш усули. Бунда ўрганилаётган обектларнинг энг муҳим структур (таркибий) ва функсионал хусусиятлари қайд этилади. Т.нинг асосий хусусияти шундаки, у нафақат ўрганилган, билиб олинган обектларни тасниф қилиш, балки у ёки бу даврдаги фанга ҳали маълум бўлмаган обектларнинг мавжуд бўла олишини аввалдан кўрсатиш (аниқлаш)га ҳам имкон беради (мас., Д.И.Менделеевнинг элементлар даврий системаси). Илмий тафаккурнинг универсал усулларидан бири бўлган Т. ўрганилаётган обектлар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутни очиб беришга, уларни айнан ўхшатиш, тенглаштириш йўлларини топишга асосланади ва кўплаб фан соҳаларида қўлланади, бироқ хилма-хил хоссали обектлари кўп бўлган биология кимё, география тилшунослик, психология каби фанларда самарали фойдаланилади.

Тилшуносликда Т. — умуман тил тузилишининг муҳим белгиларини алоҳида, айрим олинган тиллар қурилишини ўрганиш ва уларни ҳар томонлама таққослаш асосида аниқловчи ва умумлаштирувчи тилшунослик бўлими. Типологик методлар турли туман тилларнинг фонологияси, морфологияси, синтаксиси ва лексикаси асосидаги ўхшашликлар ва тафовутларни аниқлашга, лингвистик универсалияларни, шунингдек, тилларнинг типларини — тил қурилиши табиати ҳақидаги умумлашган, мукаммал ҳолдаги тушунчаларни белгилашга қаратилган. Тилларнинг типлари грамматикада тушунчаларни англатиш усулига, муносабатларни ифодалаш техникасига ва бирикиш, богланиш даражасига қараб аниқланади. Типологик тадқиқотлар тил тизимининг алоҳида, айрим кичик тизимлари асосида ҳам олиб борилади, шу туфайли фонологик, морфологик, синтактик ва семантик Т.лар фарқланади. Икки ёки ундан ортиқ қариндош ёки қариндош бўлмаган ҳар хил тизимдаги тилларнинг айрим хусусиятларини қиёсий Т. ўрганади. Аниқланадиган типологик белгилар маълум бир кичик тизимнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради, лекин тил қурилишида улар турли нисбатларда бирикади, шунинг учун мазкур белгилардан бири асосий, етакчи ҳисобланади. Сўзнинг таркибий тузилиши асосида тилларнинг морфологик (типологик) таснифи яратилди, бироқ тадрижий тараққиёт натижасида тилнинг типи ўзгариши мумкинлиги сабабли тилларнинг типлари соф ҳолда учраши исботланмаган. Тилшунослик соҳасидаги типологик тадқиқотлар немис олими Ф.Шлегел асарларидан бошланган. Кейинчалик тиллар Т.си бўйича немис олимлари А.В.Шлегел, В.Гумболдт, Х.Штейнтал, А. Шлейхер, америкалик Э.Сепир, чех В.Скаличка, франсуз А.Мартине, руслардан Ф.Ф.Фортунатов, И.И.Мешчанинов, Б.Успенский, Ю.В.Рождественский, В.Н.Ярсева ва бошқа тадқиқотлар олиб борганлар. Ўзбекистонда ҳам А.Абдуазизов, Ж.Бўронов, Қ.Тойметов ва бошқалар Т. масалалари билан шуғулланганлар.

Адабиёт

  • Успенский Б.А., Структурная типология язиков, М., 1965; Теоретические основў классификации язиков мира, М., 1980. Абдуваҳоб Мадвалиев.