Тиса — Европадаги дарё, Украина, Венгрия, Сербия ва Черногория ҳудудларидан (қисман Украина билан Руминия ва Венгрия билан Словакия чегараларидан) оқади. Дунайнинг энг катта чап ирмоғи. Узунлиги 966 км. Ҳавзасининг майдони 157,1 минг км². Ўрмонли Карпат тоғлари (Украина ҳудуди)дан бошланади. Кўп қисми Ўрта Дунай текислигидан оқади. Қор ва ёмғирдан сув олади, баҳорда серсув, езда баъзан тошади. Суви кўпайганда қуйи қисмида сув сатҳи 4–5 м кўтарилади. Ўртача сув сарфи қуйи қисмида 810 м³/сек. Қиш совуқ келган йилларда 1—2,5 ой музлайди. Т.дан ёғоч оқизишда (юқори оқимида) ва суғоришда фойдаланилади. Тисакарад шаҳригача (Венгрия) кема қатнайди. Т. бўйида Хуст (Украина), Тисафюред, Солнок, Сегед (Венгрия) ш.лари жойлашган. Т.да сув омбори, Тисалёк ва Кишкере (Венгрия) гидроузеллари қурилган[1].

Тиса


Давлат

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил