Tish flyuorozi
Тиш флюорози 1900-йил Италия врачи Чийя Неаполда яшовчи аҳолида тишларнинг рангида турли хил ўзгаришларни аниқлайди, у вулқонларнинг таъсирида бузилган сувни ичиш тишлар рангининг бузилишига сабабчи бўлса керак, деб айтиб уларни „қора тишлар“ деб номлайди[1].
| Тиш флюорози | |
|---|---|
| Тиш қаттиқ то'қималарининг нокариес касаллиги |
Дунёдаги турли мамлакатларда тишларнинг ранги ўзгариши аниқланган бўлиб, ғовак тишлар, қирилган — синдирилган эмал, „доғли эмал“ каби терминлар билан аташган (Блек 1916). 1931-йилда аҳоли истеъмол қиладиган сувда фтор миқдори кўпайиб кеца яъни, 1 литр сувда 2-3-5 мг фтор бўлганда, тишларда доғлар ҳосил бўлиши аниқланган. 1931-йилда Смит тажрибада ит, мушук ва бошқа хайвонларда, фторни ичиладиган сувда ошиши натижасида тиш эмалида доғлар ҳосил бўлишини исботлади ва бу касалликни эндемик флюороз деб аталди.
Тавсиф
Флюорозда аввало тишлар эмалида доғлар бўлади, кейинчалик тана скелетидаги суякларда ҳам флюороз бўлиши мумкинлигини аниқланган.
Демак, флюороз тишларда ўзига хос ўзгаришлар пайдо бўлиши билан характерланади, бу ўзгаришлар организмга кўплаб фтор киришига боғлиқ бўлади. Нормада 1 литр сувда 1,0-1,5 мг фтор бўлиши керак. Фтор табиатда калций, алюминий ва бошқа моддалар билан бириккан холда учрайди. У тупроқдан ювилиб чиқиб, сувга тушади. Одам организмига фтор асосан сув билан киради. Фтор организмда калций фосфатнинг боғланиш жараёнида катализатор ролини ўйнайди.
Фтор балиқ, гўшт, чой, тухумни сариғида кўп бўлади. ҳаво, овқатлар орқали фтор танага кам бирлашади, асосан сув билан киради. Мева ва кўкатларда фтор кам бўлади. Болалар танасида фтор катталарга қараганда кўпроқ бўлади. Бир кунда одам танасига ўртача 1 мг гача фтор киради, уни 75% буйраклар орқали, 16% ичаклар, 8% тери безлари орқали чиқарилади.
Тананинг фторга сезгирлиги қандайлигига қараб, флюороз энгил ёки оғир ҳолда бўлиши мумкин. Албатта сув билан кираётган фтор миқдори кўпроқ бўлса, флюороз оғирроқ кечади.
Ҳомиладорликда йўлдош орқали фторнинг хомилага ўтиши мумкинлиги аниқланган (Русак Б. С. 1968). Флюороз касаллигини қандайлигини билишда тишдаги доғлар ва ўзгаришлар худди кўзгудек ўзига хос бўлади. Тишлардаги бу ўзгаришлар худди гипоплазияга ўхшаш бўлади. Баъзи олимлар флюороз ва гипоплазияни бир хил касаллик дейишган. Хақиқатдан ҳам, шундай дейиш ҳам мумкин, фақат флюороз сувда фтор кўпайиши натижасида ҳосил бўладиган касалликдир. Гипоплазиянинг сабаблари эса жуда кўп, очиқ-ойдин аниқ эмас. Флюороз асосан доимий тишларда бўлади. Кўпроқ юқори курак тишларда, пастки курак тишларда учрайди, молярларда ҳам бўлиши мумкин. Аввало эмалнинг нормал ранги ўзгаради, ялтироклиги йўқолади, хиралашади, эмал чириганга ўхшаб қолади. Флюороз маълум қишлоқларда, шахарларда, кўпинча маълум бир регионда учрайди. СҲунинг учун эндемик флюороз дейишади.
Тиш флюорозли бўлиб чиқиши ва тиш чиққандан сўнг флюороз бўлиши ҳам мумкин. Новик И. О., Овруcкий Г. Д. флюорозни уч босқичда ўтишини айтишган.
Биринчи босқичда баъзи тишларнинг тож юзасида майда ок бўрсимон доғлар ёки йўллар бўлади.
Иккинчи босқичда, бу доғ ва чизиқчалар тиш тожининг ярмисидан ошади, кўпгина тишларда кузатилади, сарғиш пигментлар пайдо бўлади. Бу босқичларда организмнинг фтор билан зарарланиши йўқотилса, ранглар йўқолиб тамомила тузалиши ҳам мумкин.
Учинчи босқични қайтариб бўлмайди. Бунда сариқ, жигарранг доғлар кўп, тишларнинг деярли ҳамма юзасида бўлади, эмалнинг тузилиши тамомила бузилган. Эмал синувчан ва структуравий элементлар этишмайди. Бошланғич босқичларда тишнинг қаттиқлиги яхши бўлади, кейинги босқичда эса эмал мурт бўлиб, сина бошлайди. Шу босқич фтор билан зарарланиш кучли бўлганда учрайди. Ҳар хил тишларнинг флюороз билан зарарланиши турлича бўлади, олдинги тишларда кўпроқ кузатилади. Сувда фтор миқдори кўп бўлган жойларда ота — оналар ва уларнинг болалари яшаган бўлсалар, болаларининг сут ва доимий тишларида флюороз бўлиш эхтимоли баланд. (Рибаков А. И., Бабел И. В.). Фтор билан захарланиш кучли бўлса, сон суякларда ҳам зарарланиш бўлиши рентгенограммада аниқланган.
Пашаэв, Патрикеэв В. К. бизнинг мамлакатимиздаги флюороз бор жойларда бўлиб, уларни олдини олиш чораларини излаганлар. Флюороз бўйича таснифлар кўп. Энг қулай тасниф В. К. Патрикеэвникидир (1966). В. К. Патрикеэв флюорозни беш шаклга бўлади.
1. Штрихли шакли — кўпинча тишларда чизиқли доғлар ҳосил бўлади.
2. Доғсимон шакли — тиш тожида катта — кичик бўрга ўхшаш турли шаклдаги чизиқсиз доғлар бўлади.
3. Бўрсимон — хол шакли, кўпинча бўрга ўхшаш, оч-сариқ, сарғиш, жигарранг тусдаги доғлар, пигментлар бўлиб, эмалда 1мм нуқтали нуқсонлар кузатилади.
4. Эрозияли шакли — пигментлашган жойда чуқурчалар, эрозиялар ҳосил бўлади. Эрозиялар турли хил шаклда учраши мумкин ва улар турли хил чуқурликда бўлади. Эрозив шаклда эмал ва дентиннинг эмирилиши кузатилади.
5. Деструктив шакли — эмалда буришиш ва деструкcия ҳисобига тишнинг тож қисмининг шакли ўзгариши кузатилади. Сувда фтор миқдори 10-20 мг/л бўлганда учрайди. Эмалдаги нуқсонлар, эрозиялар, эмал қирғоқларининг синиши ҳисобига тишлар тожси шаклини бузилиши кузатилади. Эмал ҳатто дентингача эмирилиши мумкин.
П. Т. Максименко (1979) флюорозни тарқалишига кўра икки хилга бўлади:
- чегараланган шакли
- тарқалган шакли
Флюороз деб ташхис қўйиш қийин эмас. Бемор хаётини яшайдиган жойи, шароитини, касаллик белгиларини яхшилаб ўрганишдан сўнг аниқ ташхисни қўйса бўлади. Бу тананинг умумий ҳолатига ҳам боғлиқ. Касалликни келиб чиқиши ичимлик сувининг микдорига боғлиқ бўлади, масалан, серҳаракат болалар сувни кўпроқ ичадилар, фторни кўпроқ қабул қиладилар, яъни флюороз билан кучлироқ зарарланадилар. Ёзги таътилларда бўлган болалар 2-3 ой мобайнида фтори кўп бўлган сувни ичиб, флюороз бўлганлиги кузатилган. Турар жой ўзгарса, флюорозда ҳам ўзгариш бўлади.
Флюорозда эмал ва дентинда гистологик ўзгаришлар, бузилишлар учрайди. Бемор тишнинг турли таъсирловчилардан оғришига ва тишнинг кўриниши бузилганлигига шикоят қилади. Флюорозни кариэс, гипоплазия, эмирилиш, понасимон нуқсонлар билан қиёслаш керак .
Даволаш
Симптоматик даволаш муолажалари ўтказилади. Доғлар косметик нуқсонни ҳосил қилувчи юзаларда кўринмаса, даволаш муолажаларини ўтказмаса ҳам бўлади. Ҳосил бўлган нуқсонларга бемор шикоят қилса, уларни фотополимерлар билан косметик реставрацияси тавсия қилинади. Винирлар ёрдамида нуқсонларни бартараф қилиш ҳам яхши косметик натижалар беради. Флюорознинг эрозив ва деструктив шаклларида ортопедик даво тавсия қилинади. Флюороз эндемик касаллик бўлгани учун турар жойни ўзгартириш ёки ўша худудда сувдаги фторнинг миқдорини нормага яқинлаштириш тавсия этилади[2].
Профилактика
Флюорозни профилактик чора-тадбирлари индивидуал ёки коллектив тарзда ўтказилади:
- ичимлик суви қувурини ўзгартириш;
- ичимлик суви қувурини аралаштириш;
- сувдаги фтор миқдорини камайтириш;
- чақалоқни табиий она сути билан боқиш;
- сув ўрнига шарбат ёки сут ичиш;
- Д ва C витаминларини буюриш.
Манбалар
- ↑ Бекжанова, Олга; Юсупалиходжаева, Саодат; Шукурова, Умида; Алимова, Доно. Клиник реставрацион стоматология, АВТО-НАСҲР, Тошкент: Чо'лпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2019 — 153-157-бет. ИСБН 978-9943-5387-2-6.
- ↑ Камилов, Хайдар; Юсупалиходжаева, Саодат; Шукурова, Умида. Факултет Терапевтик Стоматологияси, Топ Имаге Медиа, Тошкент: Чо'лпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017 — 107-108-бет.