Тўмарис (милоддан аввалги ВИ аср) — Турон халқларининг ахамонийлар босқинига қарши курашига раҳбарлик қилган жасур ва доно аёл саркарда.

Қадимги юнон тарихчиси Геродотнинг „Тарих“ (милоддан аввалги В аср) асарида ёзилишича, Ахоманийлар давлати асосчиси Кир ИИ милоддан аввалги 530-йилда Туронга бостириб кирганида, Тўмарис массагетлар қабиласининг маликаси бўлган. Массагетлар бу пайтда Амударё (Аракс) бўйлари ва Қизилқумда яшашган. Тўмарис массагетлар подшосининг хотини бўлиб, у эрининг вафотидан сўнг давлатни бошқарган.

Эрондан келган босқинчилар қўшини ва массагетлар ўртасида шиддатли жанглар бўлган. Дастлабки жангда Тўмариснинг ўғли Спаргалис (Сипарангиз) бошчилигидаги массагетлар ғолиб чиққан. Бироқ кейинги жангда форслар ҳийла йўли билан Спаргалис ва айрим массагетларни асир олишганда, ор-номусга чидай олмаган Спаргалис ўзини ўлдирган. Тўмарис ўғлининг ҳалокатидан эсанкираб қолмай, ўз халқининг манфаатини ўйлаб, Кир ИИ дан массагетлар юртидан чиқиб кетишини сўрайди. Бироқ форслар шоҳи рад жавобини бергач, икки ўртада аёвсиз жанг бўлган. Геродот массагетлар ва форслар ўртасидаги жанг тафсилотларини ўз асарида қуйидагича тасвирлайди: „Менинг билишимча, бу жанг варварлар ўртасидаги барча жанглардан ҳам даҳшатли бўлган. Аввал ҳар иккала қўшин бир-бирини узоқ масофадан туриб, камондан ўққа тутдилар. Камон ўқлари тугагач, улар найза ва қилич билан курашдилар. Жанг узоқ вақт давом этди. Кўп қон тўкилди. Ниҳоят, массагетлар ғалаба қозондилар. Форс қўшинларининг асосий қисми, жумладан, Кир ИИ ҳам жанг майдонида ҳалок бўлган. У тўлиқ 29 йил шоҳлик қилган эди. Кир ИИ нинг жасади топилгач, малика (Тўмарис)нинг буйруғи билан унинг кесилган боши инсон қони билан тўлғазилган мешга солинган“.

Тўмариснинг жасорати ва ҳарбийсиёсий фаолияти тўғрисида халқ достонлари яратилди, жангнома ва ривоятлар тўқилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли Ҳоди Зарифовдан ёзиб олган „Ойсулув“ достонида Турон мамлакатининг подшоси Ойсулув образида Тўмарис фаолияти ўзининг бадиий талқинини топган. Ёзувчи Миркарим Осим „Тўмарис“ қиссасида унинг жасоратини улуғлайди. Иброҳим Юсупов „Тўмарис“ (1974) достонини ёзган, композитор Улуғбек Мусаев шу номли балет (1982)ни саҳналаштирган. Ўзбекистонда аёллар ўртасида „Тўмарис ўйинлари“ фестивали ўтказилади.

Адабиётлар

  • Геродот, История (в девяти книгах), Ленинград, 1972.
  • Ўзбекистон тарихи — давлат ва жамият тараққиёти, 1-қисм, Тошкент, 2000.

Ҳаволалар