Тоҳир Чиғатой (1902-йил 27-март, Тошкент шаҳри — 1984-йил 27-июн, Туркиянинг Бурса шаҳри) – туркий тарихшунос олим, иқтисодчи ва профессор.

Тоҳир Чиғатой
Таваллуди 1902-йил 27-март
Вафоти 1984-йил 27-июн
Бурса шаҳри
Таълими Ҳеиделберг университети (Германия)
Касби иқтисодчи, ёзувчи
Фаолият йиллари 1929—1984
Унвони профессор
Турмуш ўртоғи Саодат Чиғатой
Отаси Шокир ҳожи Розиқбой ўғли

Таълими

Тоҳир Чиғатой бошланғич таълимни Тошкентдаги эски мактабда, кейин эса янги усул ва рус-тузем мактабларида олган. Сўнгра Урфадаги мадрасаи Олияда, 1917-йилда эса Озарбайжонга бориб, Бокудаги дорилмуаллиминда таҳсил олган. 1922-йилга келиб ўқиш учун Германияга кетган, у ерда аввал Берлин университетида, ундан кейин эса Ҳеиделберг университетининг фалсафа факултетида таҳсил олган. Университетда 1931-йилга қадар фалсафа, социология ва иқтисодиёт фанларидан сабоқ олган. Кейинчалик, Туркистон иқтисодиёти бўйича докторлик дессертациясини ҳимоя қилган. Унинг докторлик иши Брюсселда немис тилида нашр этилган[1].

1939-йилда оиласи билан Анқарага кўчиб келиб, 1948-йилдан бошлаб Анқара университетининг тил, тарих ва жўғрофия факултетларида социология бўйича маърузалар ўқиган, шунингдек, тадқиқот ишларини ҳам ўша ерда давом эттирган. 1953-йилдан 1972-йилга қадар ушбу факултетда доцент, 1962-йилгача эса профессор ва ижтимоий фанлар бўлими мудири лавозимида фаолият юритган.

Меҳнат фаолияти

Тоҳир Чиғатой „1950—1960-йиллар ичида қизил империализм“ номли бир неча асарларни нашр эттирган. Шунингдек, Германия ва Туркияда нашр этиладиган матбуот саҳифаларида Туркистоннинг тарихи, ижтимоий-сиёсий ҳаёти, адабиёти ва маданияти, чор ва совет давридаги мустамлакачилик сиёсатининг оқибатлари ҳақида ҳам мақолалар чоп эттирган.

1929—1939-йилларда Берилнда ўзбек тилида нашр этилувчи „Ёш Туркистон журнали“да фаолият олиб борган.

Асарлари

Тоҳир Чиғатой „Туркистон миллий адабиёти ва адиблар фожиасига доир“ (Берлин, 1934), „Туркистон пахта хўжалиги“ (Берлин, 1934), „Туркистон миллий ҳаракати ва Мустафо Чўқай“ (Истанбул, 1950), „Туркистонга доир баъзи жараёнлар ҳақида қарашларимиз“ (Истанбул, 1952), „Туркистонда туркчилик ва халқчилик“ (Истанбул, 1951—1954), „Қизил империализм“ (Истанбул, 1958—1967), „Туркистонда миллий озодлик ҳаракатидан лавҳалар“ (1959) асарларининг муаллифи ҳисобланади.

Шахсий ҳаёти

1932-йилда Берлинда истиқомат қилган қозонлик татар тараққийпарвари, газетачи ва сиёсатчи Муҳаммад Аёз Ис’ҳоқийнинг қизи Саодат билан турмуш қурган[2].

Тоҳир Чиғатой 1984-йил 27-июнда Бурсада вафот этган[3].

Манбалар

  1. ↑ Чиғатой, Тоҳир. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент: Академ-Хизмат босмахонаси, 2006 — 155-163-бет. 
  2. ↑ Чиғатой, Тоҳир „“Туркистон заминида қизил майдонлар ва Ленин ҳайкалларининг туриши миллатни қуллик синдромига олиб келади”. Ватанга қайтолмаган Тоҳир Чиғатой ҳикояси“. ойина.уз. Қаралди: 2024-йил 12-октябр.
  3. ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси.