Тоҳир Малик (асл исми Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович; 1946-йил 27-декабр, Тошкент, ЎзССР — 2019-йил 16-май) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси. Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири, маърифат арбоби. „Дўстлик ордени“ соҳиби.

Тоҳир Малик
Асл исми Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович
Таваллуди 27-декабр 1946-йил
Вафоти 16-май 2019-йил(2019-05-16)
(72 ёшда)
Ижод қилган тиллари Ўзбек тили
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Жанр Детектив, илмий фантастика, тарихий
Мукофотлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Маориф фидойиси, Дўстлик ордени.
Веб-сайти
Тоҳир Малик расмий сайти

Ҳаёти

Тоҳир Малик 1946-йилнинг 27-декабрида Тошкент шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) журналистика факултети кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилиш ишларида қатнашган. 1966-йилдан бери Ўзбекистон радиосида, газета ва журналлар таҳририятида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида, нашриётларда фаолият юритган. Ҳозирги кунда „Шарқ“ НМАК Бош таҳририятида муҳаррир.

Барча тенгдошлари сингари у ҳам урушдан кейинги турмуш қийинчиликларини бошидан кечирган. Оилада беш фарзанд бўлиб, Тоҳир Малик энг кенжа фарзанд бўлган. Тоҳир мактабга бормай турибоқ, дарс тайёрлаб ўтирган акалари ва опалари ёнида саводни ўзлаштирган. Укасининг китобга бўлган ихлосини сезган акалари унга „Мард йигит“ эртаклар тўпламини совға қилишади ва ушбу китобни ҳозирга қадар эъзозлаб сақлашини айтган. Таниқли ўзбек адиби ва таржимони Мирзакалон Исмоилий Тоҳир Маликнинг тоғаси бўлиб, уни 1949-йилда „халқ душмани“ деган туҳмат билан қамоққа олишади. Бу ҳақида адибнинг ўзи ушбу сўзларни айтган[1]:

Кечаси уйғониб кетиб қарасам, аям раҳматли қора чироқ нурида дўппи тикиб ўтирибдилар. Қўллари ишда-ю, кўзларида ёш. „Нега йиғлаяпсиз?“ деб сўрадим. Жавоб бермадилар. Сабабини орадан йиллар ўтиб билдим. Тоғамнинг „халқ душмани“ эмаслиги маʻлум бўлиб, „оқланиб“ чиққанларида иккинчи синфда ўқирдим. Дастлабки машқларим ўшанда бошланган. Аммо ёзганларимни талабчан тоғамга кўрсатишга чўчир эдим.

Дастлабки ҳикояси 1960-йилда „Гулхан“ журналида чоп этилади[2]. 1963-йилда Тоҳир Малик Тошкент давлат универитетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошлайди. У ижодга доир машқларни давом эттирриб, тоғасининг:

„Ўзинг яхши билмаган нарсани ёзма“, „Бошқалар юрган йўлдан юрма, ўз йўлингни топ“

деган икки ўгитига ҳамиша амал қилган. Болаларга атаб ёзилган ҳикоялари билан бадиий адабиёт сирларини ўрганган Тоҳир Малик кейинчалик Ўзбек адабиёти кам эътибор берилган фантастика жанрига қўл уради ва бир қатор асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонган. Унинг талабалик йиллари ёзилган „Ҳикмат афандининг ўлими“ асари ўзбек адабиётининг фантастика йўналишида яратилган биринчи қисса ҳисобланади. Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. „Сўнгги ўқ“ асари асосида етти қисмли, „Шайтанат“ асари асосида йигирма қисмли бадиий филм суратга олиниб, намойиш этилган[3].

Фаолияти

Тоҳир Малик ўнга яқин радиопесалар, ҳужжатли филм ссенарийлари, бадиалар муаллифи. Бадиий таржима соҳасида ҳам хизмат қилган. 1966-йилдан эътиборан матбуот соҳасида ишлаган. Ленин учқуни (Ҳозир Тонг юлдузи деб номланади), Ўзбекистон радиосида, Ғафур ғулом номидаги ва „Чўлпон“ нашриётларида, „Шарқ юлдузи“, „Ёшлик“ журналларида фаолият юритган. У ижодиий фаолияти давомида ҳаётни, инсонлар табиатини атрофлича ўргана бошлайди. Ёзувчи инсонларни, уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчиклаб ўрганади ва китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган сабабларни таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради. Ёзувчи яратган асарлари асосида кўплаб теле ва бадиий филмлар яратилган. Асарларида турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан акс этган, муҳим маънавияхлоқий муаммолар кўтарилган[4]. Рус ёзувчиси Ф.М. Достоевскийнинг Маъсума қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1961–1964-йилларда қурувчи, 1965–1966-йилларда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ленин учқуни газетаси, 1975–1978-йилларда Гулистон нашриётида, 1981–1982-йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1982–1985-йилларда Шарқ юлдузи журналида, 1985–1987-йилларда Чўлпон нашриётида бош муҳаррир, 1989–91-йилларда „Ёшлик“ журналида адабий ходим, масъул котиб, бош муҳаррир, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида 1988–90-йиллар давомида котиб бўлиб фаолият олиб борган.

Асарлари

Биринчи йирик асари — „Ҳикмат афандининг ўлими“ (1972). „Заҳарли ғубор“ (1974), „Фалак“ (1975), „Сомон йўли элчилари“ (1978), „Чорраҳада қолган одамлар“ (1982), „Бир кўча, бир кеча“ (1983), „Алвидо, болалик“ (1989), „Сўнгги ўқ“ (1990), „Ов“ (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. „Сўнгги ўқ“ қиссаси асосида 7 қисмли телефилм (1994) яратилган. „Қалдирғоч“ (1987) эпик асари Абдулла Авлоний тақдири мисолида 20-йиллар ўзбек зиёлиларининг шаклланиши ҳақида баҳс юритади. „Меҳмон туйғулар“ (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган. Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи „Ёзувчининг бахти ва бахцизлиги“ (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи „Собир“ (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган „Қиёмат қарз“ (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари таҳлил этилган „Ибрат мактаби“ (1993) бадиалари хам бор. Тоҳир Малик хужжатли кино соҳасида хам фаолият кўрсатган. Унинг „Амир Темур даври адабиёти“ (1998), „Варахша“ (1999), „Унвони инсон“ (1999), „Соҳилсиз денгиз“ (2000), „Зулмат салтанати“, (2001), „Моштабиб“ (2002) сиенарийлари асосида ҳужжатли филмлар ишланган.

„Шайтанат“ асарида жиноят оламидаги воқеалар фонида асосий эътибор асар қаҳрамонларининг руҳий дунёсини таҳлил этишга қаратилган. Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг „Жиноятнинг узун йўли“ (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган.

Ҳозиргача ёзувчининг 20 дан ортиқ қиссаси чоп этилди. 1971-йилда чоп этилган „Ҳикмат афандининг ўлими“ дан кейин „Фалак“ (1976), „Сомон йўли элчилари“ (1976) таҳайюл, илмий-таҳайюл қиссалари босилди. „Чорраҳада қолган одамлар“ қиссасида таҳайюл ва детектив хусусиятлари сезилади. „Алвидо болалик“ (1989), „Қалдирғоч“ (1987) қиссаларида муҳим мавзу ишланади. Мутақиллик йилларида Тоҳир Малик „Сўнгги ўқ“ (1990), 4 қисмдан иборат „Шайтанат“ (1994–2001), „Одам ови“ (2001), „Чархралак“, „Мурдалар гапирмайдилар“ (1999) қиссаларини чоп эттирди. Ёзувчи 20–асрдаги ҳаётни, кишилар тақдирини гоҳ таҳайюл, гоҳ изчил холис, гоҳ детектив йўсинда тасвирлайди. У қисса жанри имкониятларини узлуксиз бойитиб бормоқда. 2002-йилда ёзувчининг „Меҳмон туйғулар“ ўйлари, „Жиноятнинг узун йўли“ рисоласи чоп этилди. Мустақиллик йилларида энг кўп адабиётда китоб чоп эттирган Тоҳир Маликдир.

Мукофотлари

Ёзувчининг бир қатор асарлари китобхонлар орасида ўтказилган сўров асосида турли йилларда йиллик мукофотлар билан, хусусан Ғафур Ғулом номидаги мукофотлар билан тақдирланган. Ёшлар тарбиясига оид асарлари инобатга олиниб Маориф фидойиси унвони берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан Дўстлик ордени ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси фахрий унвони билан тақдирланган[5].

Асарлари

  • Тоҳир Малик „Фалак“ Илмий-фантастик қисса. Т.: „Ёш гвардия“, 1976-йил 4,75 б.т.
  • Тоҳир Малик „Сўнгги ўқ“ қисса, ҳикоя. Т.: „Ёш гвардия“, 1990-йил 13,04 б.т.
  • „Шайтанат“ 4 қисм, Т.: „Шарқ“, 1994–2001.

Сериал

  • „Шайтанат“ 20 қисм, Т.: 1998–2001. Бош ролларда: Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Карим Мирҳодиев, Раъно Шодиева ва бошқалар... Бундан ташқари 2021-йилдан унинг Алвидо болалик қиссаси асосида сериал суратга олиниб, Зўр ТВ телеканалида эфирга берилмоқда. Асосий қаҳрамон ролида Фатҳулла Ма‘судовнинг ўғли Қамариддин ролини ижро этмоқда. Сериал бошланишиданоқ ўз томошабинларини меҳрини қозонди. Ва айтиш жоизки 2018-йилда Қалдирғоч романи ҳам суратга олинган. Бу сериал ўзбек жадидчиси Абдулла Авлоний ҳақида. Ушбу сериал ҳам ҳақиқий тарихий сериалдир.сериалда Жавоҳир Зокиров ҳам иштрок этган. Тоҳир Малик ўлмас асарлар муаллифи. Ўлмас ёзувчи. Унинг ҳозирги кунда анча асарлари сотувда гавжум. Мустақиллик даврида энг кўп асарлари чоп этилган инсон бу Тоҳир Малик . Тоҳир Малик жуда мулоҳазали ўткир фикрли ва диёнатли инсон бўлиб ҳаёт йўлида эса энг ҳалол ва ҳақгўйлиги билан ўзгалар э‘тиборини қозонган.Аллоҳ устозни жойларини жаннатда қилсин. Инсон жисмонан ўлиши мумкин аммо унинг сиймоси қалбларда инсонлар онгида йиллар яшайди. Тоҳир Малик ҳам китобхонлар ва ўзбек ижодкорлари қалбида барҳаёт яшайди. Ёзувчининг бошқа асарларини ҳам кино ёхуд сериал кўринишида халққа намойиш этиш ўринли бўларди. Тоҳир Малик ўзининг бесцеллер асари бўлган Шайтанатнинг ҳам бошқа қисмларини ёзиб улгурганлиги аммо ҳалигача чоп этмаганини ўзининг интервюларидан бирида билдириб ўтган. Таҳрирловчи-А.З.Исоқов

Манбалар

  1. ↑ „архив нусхаси“. 2015-йил 27-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 8-март.
  2. ↑ архив нусхаси, 2015-04-02да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2015-03-08
  3. ↑ „архив нусхаси“. 2016-йил 4-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 8-март.
  4. ↑ „архив нусхаси“. 2020-йил 13-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 8-март.
  5. ↑ „архив нусхаси“. 2015-йил 22-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 8-март.

Адабиётлар

  • А. Расулов „Кўргулик“ Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 1991-йил 2-август.
  • Танланган асарлар, 1—2ж.лар, Т., 2004.

Ҳаволалар