Tohir Mullajonov
Муллажонов Тоҳир Оҳунович (1950-йил 10-октабр, Марғилон, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР) – давлат арбоби, узоқ йиллар ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилган, генерал-маёр.
| Муллажонов Тоҳир Оҳунович | |
|---|---|
| Таваллуди |
1950-йил 10-октябр Марғилон, Фарғона, Ўзбекистон ССР |
| Фуқаролиги |
|
| Хизматдаги йиллари | 1969—1971-йиллар |
| Унвони | Генерал-маёр |
| Мукофотлари |
|
| Билими | Олий маълумотли |
| Отаси | Муллажон Охунов |
| Онаси | Робахон Охунова |
Биографияси
Тоҳир Муллажонов 1950-йил 10-октябрда Марғилонда, деҳқон оиласида дунёга келди. Отаси – Муллажон Охунов, онаси – Робахон Охунова. Тоҳир Муллажонов оилада беш фарзанднинг кенжаси ҳисобланади[1].
Таълим
Марғилон шаҳридаги ўрта мактабнинг 8-снфини тамомлаб, Тоҳир Муллажонов 1965-йилда Марғилондаги тиббиёт билим юртида ўқишни давом эттиради. Билим юртидаги ўқишини тугатиши биланоқ 1969–1971-йилларда Тинч океанидаги ҳарбий флотда муддатли ҳарбий хизматни ўтайди. 1973-йилда Тошкент Олий милиция мактабига ўқишга киради. 1982-йилда Москва шаҳридаги собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўқийди.
Иш ва хизмат фаолияти
Тоҳир Муллажонов муддатли ҳарбий хизматдан қайтгач, Олтиариқ туманидаги Файзиобод маҳаллий касалхонасида фелдшер бўлиб ишлайди. Тошкент Олий милиция мактабини тамомлаб, йўлланма орқали Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси штабида инспектор, катта инспектор, кейинчалик Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида хизмат қилади. Москва шаҳридаги собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлаб Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида хизматни давом эттиради ва кейинчалик Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасида бошқа турли лавозимларда хизмат қилади. Тоҳир Муллажонов 1992-йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят-қидирув бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. 1997-йилдан бошлаб хизматни Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида давом эттиради. Тоҳир Муллажонов раҳбарлиги даврида Фориш ва Бахмал туманлари ички ишлар бўлимларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Жиззах шаҳри ва Зомин туманларининг ички ишлар бўлимлари бинолари таъмирланди. Тоҳир Муллажонов 2001—2002-йилларда Бухоро вилояти, 2002—2004-йилларда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаларига раҳбарлик қилди. 2002-йилда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Муллажонов буйруғи билан „Меҳнат ва шуҳрат“ музейи ташкил этилган[2]. 2004—2006-йилларда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат олиб борди. 2005-йил май ойида Андижон вилоятида софдир этилган тартибсизликларни бартараф этишда фаол иштирок этади. 2006–2007-йилларда Ички ишлар вазирлиги Академиясига раҳбарлик қилди. 2007—2016-йиллар давомида Тошкент ҳарбий билим юрти бошлиғининг ўринбосари, 2017—2018-йилларда Жиззах вилояти Халқ қабулхонаси мудири сифатида фаолият олиб борди. 2018-йилдан бошлаб фаолиятини Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири сифатида давом эттирмоқда[3][4].
Генерал-маёр
Тоҳир Муллажонов Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2003-йил 11-январдаги Фармонига мувофиқ „Генерал-маёр“ унвонига сазовор бўлди.
Мукофотлари
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2000-йил 27-августдаги ПФ-2703-сон Фармонига асосан 2-даражали Шон-шараф ордени билан мукофотланган[5]. 2018-йилда Дўстлик ордени билан тақдирланган[6].
Манбалар
- ↑ Абдуғафур Сатторов. Эл-юрт осойишталиги генераллари (Ўзбек), Тошкент, 2021 — 200-203-бет.
- ↑ „ГАИ мотоциклидан тортиб кафтдек келадиган тўппончагача — Наманганда ИИБ музейи очилди (фото ва видео)“ (2021-йил 2-сентябр).
- ↑ „Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига янги мудир тайинланди“ (2018-йил 14-август). Қаралди: 2023-йил 22-июн.
- ↑ „Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами арафасида Бектемир туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган 8 нафар фуқаролар уй-жойга эга бўлди.“ (2018-йил 3-сентябр).
- ↑ „ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИСҲ ОРГАНЛАРИ, ДАВЛАТ CҲЕГАРАЛАРИНИ ҲИМОЙА ҚИЛУВCҲИ ҚЎМИТА, МУДОФАА ВА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЙАТЛАР ВАЗИРЛИКЛАРИ ХОДИМЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАСҲ ТЎҒРИСИДА“ (2000-йил 25-август).
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида“ (2018-йил 30-август). 2023-йил 23-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 23-июн.