Токио университети - Япониянинг энг қадимий ва йирик олий ўқув юрти. 1877-йили Сохейко (1790-йилда асос солинган, конфуцийчиликни ўрганиш маркази), Кайсейго (1855, ғарб маданияти), Игакусо (1863, ғарб тиббиёти) ўқув юртларининг бирлашуви натижасида Токио миллий (император) университети сифатида ташкил этилган. Ҳуқуқ, иқтисодиёт, филология, муҳандислик, технология, педагогика, табиий фанлар, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт бўйича мутахассислар тайёрлайди. Кутубхонаси (1877-йилда ташкил этилган)да 4 миллиондан ортиқ асар бор. 20 мингдан ортиқ талаба таълим олади.