Токсинлар — микроорганизмларнинг ҳаёт фаолиятида ҳосил бўладиган заҳарли моддалар. Ҳайвонлар ва одам организмига тушганда уларни касаллантириш ёки ҳалок қилиш хусусиятига эга. Бактериялар пайдо қиладиган Т. анча тўла ўрганилган. Бактериал Т. экзотоксинлар (бактериялар токсинни ташқи муҳитга ажратиб чиқаради) ва эндотоксинларга (улар бактериянинг структура компоненти бўлиб, бактерия ҳужайралари емирилганидан кейин атрофмуҳитга тарқалади) бўлинади. Экзотоксинлар ва эндотоксинлар ўз хусусиятларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Экзотоксинлар жуда заҳарли. Тозаланган Т. бир неча юз марта фаол бўлади. Экзотоксинларнинг организмга таъсири маълум яширин даврдан сўнг юзага чиқади. Эндотоксинлар анча тез таъсир қилади, лекин уларнинг заҳарлилиги экзотоксинларникича эмас. Кўпчилик экзотоксинлар 60—80° да 10—20 мин.да парчаланади. Эндотоксинлар иссиққа жуда чидамли — анча юқори трада ёки узоқ вақт қайнатилганда парчаланади. Т. музлатилганда ва муздан туширилганда кучи қирқилмайди. Улар қуритилган ҳолатда ҳам яхши сақланади. Формалин ва иссиқ таъсирида экзотоксинларнинг заҳарлилик хусусияти йўқолади, бироқ бунда иммунитетнинг кучайтириш хусусияти сақланиб қолади. Бир қанча инфексион касалликларнинг олдини олиш ва даволашда қўлланадиган анатоксинларни олиш шунга асосланган.

Экзотоксинлар организмга киритилганда кучли ўзига хос хоссага эга бўлган антителолар (қаранг Иммунитет) пайдо қилиш хусусиятига эга. Ана шу хусусият даволаш ва профилактика мақсадида ишлатиладиган зардобни олиш ва қўллаш имконини беради.

Ҳайвонлар ва ўсимликлардан олинадиган бир қанча маҳсулотларнинг биологик хусусиятлари бактериал Т.га жуда яқин, мас., ўсимлик заҳарлари, илон, чаён, қорақурт заҳари ва бошқа