Толерантлик (лот. толерантиа — сабр-тоқат), бағрикенглик — ўзгаларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори, одатлари, ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари, ғоялари ва эътиқодларига нисбатан тоқатли бўлиш. Ҳозирги дунёда толерантлик кундалик ҳаётда, жамиятда, иқтисодий ривожланишда, шунингдек, иш жойида ўта муҳим аҳамият касб этади.[1]. Иқтисодиётнинг глобаллашуви ва янада мобиллашуви, коммуникацияларнинг тез ривожланиши, интеграция ва ўзаро боғликлик, кенг миқёсли миграция ва аҳолининг кўчиб юриши ва бошқа жамиятда толерантлик тамойилининг аҳамиятини кучайтиради. Бағрикенглик тамойили ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлаклаштиришдан воз кечишни англатади ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни тасдиқлайди. Бу тамойилга кўра, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. Бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Толерантликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим. Толерантликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ЙУНЕСКО "Бағрикенглик тамойиллари декларацияси"ни қабул қилган (1995-йил 16 ноябр). Жамиятда турли халқлар, миллатлар ва динларнинг ўзига хос хусусиятларига нисбатан толерантлик муносабатини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. Мамлакатимизда турли тоифадаги одамлар, сиёсий кучлар ва партиялар ўртасидаги ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликтамойили ижтимоии тараққиётнинг энг муҳим омилларидан биридир. Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмаган ва бу халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади. 10 дан зиёд конфессияга мансуб дин вакиллари юртимизда ҳамкор, ҳамжиҳат яшаб келаётгани эса динлараро толерантликнинг яққол намунасидир.

Адабиёт

  • Миллий истиклол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар, Т., 2001.




  1. ↑ „Толерантлик нима? Толерантлик моҳияти ва турлари“. Жавоблар.cом. Қаралди: 2025-йил 21-апрел.