Толмозор адири — Фарғона ботиғининг жан. қисмидаги адир (Фарғона вилояти ҳудудида). Шимолида Аравон — Шаҳрихон дарёлари ёйилма конуслари, жанубида Ёрмозор адирорти ботиғи билан чегараланган. Ғарбда Қопчиғай, шарқда Полвонтош адирлари билан туташиб кетади. Энг баланд жойи 712 м. Шимолий ён бағри узун ва қияроқ, жан. ён бағри қисқа, тикроқ. Ён бағирлари кўплаб қуруқ сойлар ва жарликлар билан кесилган. Тектоник жиҳатдан брахиантиклинал структура. Палеоген, неоген ва тўртламчи давр конгломерат, гил, қумтош, мергел, шағал тошларидан ташкил топган. Улар баъзи жойларда лёсс жинслари билан крпланган. Адир янги тектоник ҳаракатлар таъсирида кўтарилган. Иклими континентал, ёзи иссиқ. Йиллик ёғин 200–300 мм. Тупроғи бўз тупроқ. Ранг, қўнғирбош, шайтонковуш ва бошқа ўсимликлар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан каламуш, қўшоёқ, бўрсиқ, жайра, тулки, илонлар, калтакесаклар ва бошқа учрайди. Адир ҳудуди яйлов сифатида фойдаланилади.