Tom
Том — бинонинг устини ёпиб турувчи қисми. Деворлар ва бинонинг ичини ёғинсочиндан асрайди. Юк кўтарувчи (ферма, сарров, стропила, хари ва бошқалар) ҳамда тунука, шифер, тол сингари ёпувчи қисмлардан иборат. Шаклига кўра, томлар бир нишабли, икки нишабли, тўрт нишабли, кўп нишабли, шатр (қубба) шаклли, чордоқли ёки чордоқсиз (ясси), баланд чордоқли мансарда кўринишида бўлиши мумкин.
Эни кенг саноат биноларида табиий ёритиш ва ҳаво алмаштириш мақсадларида том ўртасига фонар (ойнаванд туйнук) ишланади. Бундан ташқари томларнинг гумбазли, пирамидасимон, конуссимон ва қобиқсимон хиллари ҳам бўлади.
Томларнинг турлари
Одатда томлар икки турга ажратилади: нишабли томлар ва ясси томлар, улар бир-биридан ер сатҳига нисбатан нишаблик даражаси билан фарқ қилади. Иккала турдаги томлар ўзининг қадим архитектура анъаналарига эга. Нишабли томлар асосан ёмғирли иқлим шароитларида қўлланган. Ясси томлар – анчагина қуруқ иқлимда, ёмғир онда-сонда ёғадиган, қор муаммоси эса деярли мавжуд бўлмаган жойларда фойдаланилади.
Гидроизоляция тизимлари такомиллашгани натижасида, 20 асрда ясси томландан ёмгирли иқлимга эга бўлган ҳудудларда ҳам фойдаланила бошланган.[1]
Нишабли томлар
Бинонинг нишабли томи қуйидаги унсурлардан ташкил топади: нишаб деб аталувчи қия текисликлар, уларнинг асосини стропил тўсинлари ва обрешёткалар ташкил қилади. Том нишаблигининг асосий вазифаси – сув ва қорни йўналтириб юбориш. Кучли қор ва ёғингарчилик бўлиб турадиган ҳудудлар аҳолиси тикка нишабли томлар барпо этишни афзал кўрадилар. Бундай томлар қимматроқ бўлади, чунки уларни қуриш учун қўшимча материаллар талаб этилади, бунинг устига бундай томларни таъмирлаш ҳам мураккаброқ бўлади.
Ясси томлар
Ясси томлар деб одатда нишаблик даражаси 3%гача бўлган томларни айтадилар. Бироз нишаблик сувни самарали тарзда кетказиш учун зарурдир.[2] Ясси томларда одатда чордоқ бўлмайди, лекин улардан айвон (терраса) сифатида фойдаланса бўлади. Шунингдек ясси томларда ўсимликлар экса бўлади. Ясси томлар билан боғлиқ энг катта муаммо - бундай томлар юқори даражада ҳарорат ўзгаришлари таъсирига дучор бўлишидир.
Ўрта Осиёда
Гумбазли томлар Ўрта Осиёда қадимдан кенг тарқалган. Булар ҳозир ҳам қурилади.
Ўзбекистонда
Ўзбекистонда оддий уй-жойлар қадимда, асосан, ясси томли бўлиб, уй деворига тўсинлар ташлаб, уларнинг устига тоқи (васса) терилган, устига бўйра, қамиш ёки похол тўшалган, тупроқ солиб текисланган, кейин сомонли лой билан сувалган. Айрим жойларда ҳозир ҳам шундай томлар бор. Аксар турар жой бинолари нишабли қилинади. Олдин стропила ишлаб олиниб, устига ёпиш материали (тунука, шифер ва бошқалар) қопланади.
Ёпиш материалларининг хоссалари ва ҳудуднинг иқлимий шароитига қараб томнинг нишаби ҳар хил (тунука, тол ва рубероидлар учун пастроқ; асбоцемент, черепица ва шиферларда — тикроқ) олинади. Бир нишабли томлар, асосан, ёрдамчи хўжалик биноларига қурилади. Икки нишабли томлар энг кенг тарқалган. Кўп нишабли том энг мураккаб ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳудудида мансардали (чордоқли қисми хонага мосланган) уйлар кам қурилади, уй-жой масаласи танқис бўлган ҳолларда уларнинг аҳамияти катта.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Манбалар
- ↑ „А Лоок Баcк ин Тиме ат тҳе Рисе оф тҳе Роофинг Индустрй“. арчитеcтмагазине.cом.
- ↑ „Импортанcе анд Меасуремент оф Рооф Питч“. cарпентрйcалc.cом.[сайт ишламайди]
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |