Тонг юлдузи – болалар ва ўсмирлар газетаси. Муассис – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб та’лими вазирлиги. Ойда 1 марта чиқади. Биринчи сони 1929-йил 1-августда Самарқандда „Ленин учқуни“ номи билан чиққан (3000 нусхада); 1931-йилдан Тошкент шаҳрида чоп этилади. Иккинчи жаҳон уруши йиллари газ.ни нашр этиш вақтинча тўхтатилган. 1946-йил 1 июлдан яна нашр қилина бошлаган. 1992-йилдан ҳозирги номда. Газ.га турли даврларда Ҳотам Қирғиз, Й.Шамшаров, Санжар Тилла, Рамз Бобожон, Ғ.Жаҳонгиров, С. Йўлдошев, Ж. Раззоқов, А. Кўчимов, А.Бердимуродов ва бошқа муҳаррирлик қилишган. Саҳифаларида Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари ҳаётига оид мақола ва хабарлар, улар ижодидан намуналар, болалар учун бадиий асарлар ва бошқа босилади.