Тошканбоевлар – ўзбек дорбозлари сулоласи. Ўзбек сиркининг шаклланиши ва миллий дорбозлик санъатининг ривожига катта ҳисса қўшган сирк санъаткорлари. Тошканбой Эгамбердиев (1866.3.3 – Асака – 1963.9.2) – сулола асосчиси. Ўзбекистон ва Россия (1939) халқ артисти, Меҳнат Қаҳрамони (1937). Фаолиятини 7 ёшидан бошлаб, отаси Эгамберди ҳожи билан халқ байрам ва сайилларида, шаҳар майдонларида дорбозлик ўйинларини намойиш этишган. ХИХ асрнинг 80-йилларидан бошлаб мустақил ишлаган, дорбозлик ва симбозлик санъатини мукаммал эгаллаган. 5–6 м баландликдаги симдор устида 20 дан ортиқ машқлар ижро этган, жумладан, баландга ёки узунасига сакраш, оёғига пичоқ, лаган, мис қозон, ёғочоёқ боғлаб ёки баланд пошнали поябзал кийиб сим устида юриш, бошда қайнаётган самовар олиб ўтиш ва бошқа Шунингдек, 25–30 м баландликда тортилган қия дор устида мураккаб машқларни ижро этган, чиғириқса гимнастика унсурларини бажарган. 1908-йил Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон саноат ва ҳунармандчилик кўргазмасида қатнашиб, „энг яхши дорбоз ва симбоз“ деб топилган, олтин медал ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланган. 1920—30-йиллар Ўрта Осиё давлат ва хусусий сиркларда ишлаган. 1935-йилда Санкт Петербург сиркида унинг раҳбарлиги ва иштирокида „Дорбозлар“ миллий дастури яратилиб, дор ўйинлари илк бор очиқ майдондан сирк гумбази остига кўчирилади. 1942-йил ўзбек сирки жамоасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилади. 1947-йил 81 ёшида сўнгги марта дорга чиқди. 1950—56 йилларда Тошкент сиркининг бадиий раҳбари.

Эгамбердиевнинг фарзандлари: Тошканбоев Қодиржон (1889. 15.4 Асака 1972.15.8) дорбоз. Ёшлигидан миллий сирк санъатининг турли жанрларини – бесуяк, муаллақчилик, чиғириқ ўйини, дорбозлик, симбозлик, масхарабозлик, ёғочоёқ ва бошқаларни эгаллаб, 1920—30 йилларда отаси билан биргаликда давлат ва хусусий сиркларда ишлаган. 1935-йилдан эса „Дорбозлар“ дастурида қатнашган. Тошканбоев Шокиржон (1906.1.5, Асака 1965.13.4, Тошкент) – дорбоз. 1950-йил унинг раҳбарлигида Тошкентдаги „Сахнадаги сирк“ бирлашмаси қошида „Ўзбек дорбозлари“ гуруҳи ташкил этилди ва бу гуруҳ қад. дорбозлик санъатини янги поғонага кўтарди. Илк бор дорда муҳофаза воситаси – „лонжа“ни ишлата бошлади ва натижада анъанавий репертуар бир қатор янги мураккаб машклар билан бойиди. Хусусан, очиқ ҳаводаги дор устида „кўприкча“ шаклида туриш, елка билан дорга тиралиб, оёкларни тепага чўзиш каби трюкларни биринчи маротаба Шокиржон ижро этди. Рафиқаси Фахриддинова Марям (1910—Тошкент – 1963.9.11) – Ўзбекистондаги биринчи дорбоз аёл, раққоса. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1939). 1935—50 йиллар „Дорбозлар“ дастурида қатнашган. Тошканбоев Обиджон (1915. 1.1, Асака – 2004.31.3, Тошкент) – дорбоз. Ўзбекистон хал қ артисти (1961). 1949-йилдан „Дорбозлар“ дастурининг раҳбари. 1960—69 йиллар ўзбек сирки жамоасининг бадиий раҳбари. 1962-йилдан Акром Юсупов билан бирга қизиқчидорбоз сифатида фаолият кўрсатган. 3—7 киши томонидан ижро этиладиган бир қатор мураккаб дор ўйинларининг муаллифи ва иштирокчиси (мас., „Иккиталик шпагат“, „Учталик шпагат“, „Обкаш“, „Уч поғонали пирамида“, „Тўрт кишилик устун“ ва бошқалар). Анъанавий дор ва симдорда салтоморталенинг биринчи ижрочиси.

Тошканбоев Шокиржоннинг фарзандлари: Тошканбоев Эркин (1929.18.7, Тошкент) – дорбоз, акробат, режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1966). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1974). 1935-йилдан „Дорбозлар“ дастурида хизмат қилган. 1969-йилдан „Саҳнадаги сирк“ бирлашмасида аввал артист, сўнг бош режиссёр (1974), директор (1975—2002). 1991—2000-йиллар „Ўзбекдавлацирк“ Республика бирлашмасининг бош директор ўринбосари. 30 дан ортиқ сирк спектаклларини сахналаштирган: „Яхши одам ва баджаҳл хон ҳақида эртак“, „Сеҳрли кўл“, „Олимп камалаги“, „2000 йиллик Тошкент – 1500 йиллик Киевга“, „Қизил лола“, „Гулла, яшна жонажон Узбекистан“, „Дўстлар учрашуви“ ва бошқа Анъанавий ва замонавий ўзбек сирки акс эттирилган бу спектакллар хорижий мамлакатларнинг саҳналарида – маданият саройларида, стадионлар, сиркларда намойиш этилди. „Меҳнат шуҳрати“ ордени билан мукофотланган (2004). Тошканбоев Эркиннинг фарзандлари: Тошканбоев Пўлат (1960.3.1, Тошкент) – сиркшунос, режиссёр Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1982). Санъацҳунослик фанлари номзоди (1993). 1982-йилдан „Сахнадаги сирк“ бирлашмаси режиссёр и, 2002-йилдан директори. Тошканбоев Мурод (1964.16.6, Тошкент) – дорбоз, симбоз, акробат. Акробатика бўйича спорт устаси (1981). Тошкент жисмоний тарбия интини тугатган (1985). 1987-йилдан „Сахнадаги сирк“ бирлашмасидаги „Ўзбекистон дорбозлари“ гуруҳининг раҳбари ва иштирокчиси.

Тошканбоева Анорхон (1935.9.1, Тошкент) – дорбоз, рак, крса, журналист. Ўрта Осиё университетини тугатган (1958). 1943—50 йилларда „Дорбозлар“ дастурида иштирок этган. „Дорбозлар“ бадиий филми ссенарийсининг ҳаммуаллифи (Я. Илёсов билан). Ўғли Юсупов Жалол (1969.19.8, Тошкент) – дорбоз, акробат, театр ва кино актёри. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (2002). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1990). Акробатика бўйича спорт устаси (1981). 1990-йилдан Ёшлар театри актёри. Театрда Труфалдино („Маликаи Турандот“), Жеронд („Зўраки табиб“), Теве сутчи („Томдаги камончи“), Насриддин афанди („Ўйинчи киз Шарора“); кинода Зокир („Чинор остидаги дуэл“), Турсунбой („Суюнчи“), Акмал („Ҳаво пиёдалари“), Руфат Қудратов („Рингга чақирилади“) ва бошқа ролларни ижро этган. Тошканбоев Зокиржон(1946.7.9, Тошкент 2002.14.5) дорбоз, акробат, мусиқачи. Тошкент маданият интини тугатган (1985). 1963-йилдан „Ўзбек дорбозлари“ гурухи қатнашчиси. Ўғли Тошканбоев Шокиржон (1975.24.1, Тошкент) – дорбоз, акробат. Республика эстрадацирк санъати студиясини тугатган (1991). 1991-йилдан „Ўзбекистон дорбозлари“ гуруҳининг қатнашчиси.

Тошканбоев Обиджоннинг фарзандлари: Тошканбоева Донохон (1938.10.11. Тошкент) – дорбоз, акробат. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1964). 1947-йилдан „Дорбозлар“ дастурида катнашади. 1959—75 йилларда „Волтижёракробатлари“, „Ҳаво гимнастлари“ дастурларида иштирок этган. 1985-йилдан Республика эстрадацирк санъати студияси педагоги. Қизи Тошканбоева Малика (1961.31.1, Тошкент) – акробат. Москва эстрадацирк билим юртини тугатган (1979). 1979-йилдан „Акробатика этюди“ ижрочиси; угли Тошканбоев Махсум (1974.9.1, Тошкент) – дорбоз, акробат. Республика эстрадацирк санъати студиясини тугатган (1991). 1991-йилдан „Ўзбекистон дорбозлари“ гуруҳининг қатнашчиси.

Тошканбоева Мамлакат (1940.18.11, Тошкент) – дорбоз, акробат. Ўзбекистон халқ артисти (1987). 1954-йилдан „Дорбозлар“ дастурида, „Ҳаво гимнастлари“, „Партердаги учиш“ томошасининг иштирокчиси. 1959-йилдан турмуш ўртоғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Роман Блей билан „Акробатика этюди“ни ижро этган. 1973— 95 йилларда „Шарқ жилолари“ туя устида акробатлар аттраксиони раҳбари ва иштирокчиси. Аттраксион шарқона усулда безатилган бўлиб, унда чопаётган туялар устида бир қатор мураккаб акробатик машклар ва пирамидалар ижро этилган. Дастурда қизи Тошканбоева Жамила (1963.6.3, Тошкент) иштирок этади.

Тошканбоев Олимжон (1945.17.1, Тошкент) – дорбоз, акробат. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1980). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1989). „Партердаги учиш“ номерининг раҳбари ва иштирокчиси (1964). 1975-йилдан „Узбекдавлацирк“ Республика бирлашмаси қошидаги „Ўзбекистон дорбозлари“ гуруҳининг раҳбари ва иштирокчиси. Дастурда қизи Жарита (1967.3.8, Тошкент) ва угли Рустам (1975. 27.4, Тошкент) иштирок этишади. Гуруҳ Халқаро сирк санъати фестивалларида иштирок этиб, „Маҳорат ва жасорат“ кубоги (Белгия, 2001) ва махсус соврин (Голландия, 2002) билан мукофотланган.

Тошканбоев Жумабой (1949.25.2, Тошкент) – дорбоз, акробат, масхарабоз, ҳаво гимнасти. 1963-йилдан „Дорбозлар“ дастурининг, 1973-йилдан „Ҳаво гимнастлари“ томошасининг иштирокчиси. Дастурда қизи Лола (1973.3.12, Тошкент) қатнашади.

Тошканбоев Алишер (1954.18.4, Тошкент) – дорбоз, акробат. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1987). 1965-йилдан „Дорбозлар“ дастурининг иштирокчиси. 1975-йилдан Тошканбоева Мамлакат раҳбарлигидаги „Шарқ жилолалари“ туя устида акробатлар аттраксионининг қатнашчиси. 2000-йилда Санкт-Петербург сирки қошида „Шарк жилолари“ аттраксионини қайта тиклаб, туялар устида ижро этиладиган мураккаб акробатика машқлари билан бойитди. Дастурда ўғли Синдбад (1980.11.3, Тошкент) катнашади.

Тошканбой Эгамбердиевнинг набираси (Барнохон Тошканбоеванинг ўғли) Тошканбоев Камолиддин (1927.28.10 – Асака – 1991.13.10) – дорбоз, симбоз, акробат. Ўзбекистон халқ артисти (1980). Дорбозлик ва симбозлик санъатини бувасидан урганган. 1935-йилдан „Дорбозлар“ дастурининг қатнашчиси. 1965—1991-йилларда „Саҳнадаги сирк“ бирлашмаси қошидаги „Ўзбек дорбозлари“ гуруҳининг раҳбари ва қатнашчиси. Анъанавий дорбозлик репертуарига бирмунча ўзгаришлар киритди. Қия тортиладиган дор ўрнига горизонтал дор ишлатилганлиги натижасида якка машклар билан бир қаторда, 2—4 киши ижро этадиган мураккаб ўйинлар ҳам киритилган. Хусусан, „Обкаш“, „Уч кишилик устун“, „Бош устида шпагат“, дорда ўмбалоқ ошиш, дорда утирган дорбоз устидан сакраб утиш каби машклар очиқ ҳавода илк бор намойиш этилди. 2 ва 3 поғонали дор устида турли машқлар узлаштиридди. Симбозлик санъатининг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшган ва симдор ўйинларини ижро этган. Ўғли Тоҳир (1961.9.2, Тошкент) – дорбоз, симбоз, акробат, 1991-йилдан „Ўзбек дорбозлари“ гуруҳининг раҳбари ва иштирокчиси. 1995-йилда Тошкентда 1Марказий Осиё ўйинларини тантанали очилиш маросимида қатнашиб, спорт тарихида биринчи марта олимпия машъалини дор устидан олиб ўтди.

Т. сулоласи вакиллари ўз санъатларини Европа, Осиё, Америка ва Африканинг 30 дан ортиқ мамлакатларида намойиш этишди. Тошкент давлат сирки ва Асака маданият ва истироҳат боғига Тошканбой Эгамбердиев номи берилди. Миллий сирк санъатини ривожлантириш ва уни жаҳон майдонига олиб чиқиш мақсадида 1995-йил Тошканбой Эгамбердиев номидаги Халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди. Т. „Иккинчи хотин“ (1927), „Мардлар майдони“ (1953), „Дорбозлар“ (1965), „Икки дил достони“ (1966), „Ҳаво пиёдалари“ (1980), „Тўйлар муборак“ (1982) филмларида қатнашган. Т. ҳақида „Саҳнада – ўзбек сирки“ (Германия), „Майдонда – миллий сирк“ (Россия), „Дорбоз Тошканбоевлар“, „Ўзбек сирки“, „Томоша давом этади“ ҳужжатли филмлари ишланган. Ҳозирги кунда Т. сулоласининг бешинчи ва олтинчи авлоди фаолият кўрсатиб келмоқда.

Адабиёт

  • Обидов Т., Дорбозлар қиссаси, Т., 1966.

Пўлат Тошканбоев.