Тошкент сирки (2023)

Тошкент сирки - ўзбек ва бошқа давлатлар сирк артистларининг чиқишларини намойиш этувчи йирик стационар сирклардан бири. Олим ва сайёҳларнинг эсдаликларида Тошкентда сирк томошалари муаллақчи, найрангбоз, ёввойи ва уй ҳайвонларини ўргатувчи кишилар маҳорати билан бошлангани ҳақидаги тафсилотлар, ривоятлар сақланган. Халқ сайилларида, бозор ва гузарларда дорбоз ва симбозлар, жонглёрлар, полвон ва бесуяклар ўз санъатларини намойиш этганлар. Айниқса, дорбозлик кенг ривож топган. ХИХ аср охирида Тошкентда гастролда бўлган Ф. Юпатов, В. Соболевский, А. Фаррух, Р. Капито, Е. Гамкрелидзе ва бошқаларнинг антрепренёр труппалари муваққат биноларда томоша кўрсатган. Тошкент ярмаркаларида бир вақтда 3—4 та сирк томошаси, жумладан, ўргатилган ҳайвонлар билан ҳам томоша кўрсатилган. Эски шаҳарда 10 минг томошабинга мўлжалланган очиқ сирк ишлаб турган. 1913-йилдан сирк труппаларининг томошалари "Колизей" биносида кўрсатила бошлади. 1914-йил охирида Воскресене бозори ҳудуди (ҳозирги Навоий майдони) яқинида Ф. Юпатовнинг ёгочдан ишланган стационар сирк биноси қурилди. Бу ерда европалик ва рус артистлари билан бирга ўзбек артистлари, жумладан, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, акробатчи, раққоса, чавандоз Е. Юпатова (Гўзал Елена) ва бошқа ҳам томоша кўрсатганлар. Тошкент сиркининг биринчи бадиий раҳбари ва директори — А.В. Лапиадо (асл фамилияси Королёв). 1928-йил Карим Зарифов "Кизил Шарқ" (кейинроқ "Кооператив") сирк труппасини ташкил этди. 1930-йил Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон сирклари бирлаштирилган давлат сирклари марказий бошқармаси тузилди. 1941—44 йиллар Тошкент сирки қошида Абдулла Гисматулин раҳбарлигидаги акробатика студияси ишлади. 1942-йил октабрда ўзбек сирки жамоаси тузилди. Бу ерда Юсуфжон қи^иқ, дорбозлар — Тошканбоевлар, чавандозлар — Зарифовлар, Раҳмоновлар, Хўжаевлар, гимнастлар — Мадалиевлар, кейинроқ қизиқчи ва акробат Юсуповлар, рус масхарабозларидан Г. Заставников, П. Боровиков ва бошқа ишладилар. 1950—56 йилларда Тошкент сирки бадиий раҳбари — Эркин Тошканбоев, 1976—90 йиллар Обиджон Тошканбоев. Тошкент зилзиласи (1966)дан кейин вақтинчалик шапито сирки ишлаб турди.

1975-йил Хадра майдонида 2597 ўринли янги Тошкент сирки биноси қуриб битказилди (арх. Г. Александрович, Г. Масягин; муҳандислар С. Беркович, Р. Муфтахов). Сирк биноси икки қисмдан иборат: томоша зали ҳамда унинг атрофида жойлашган вестибюл, фое, гардероб, буфетлар ва хизмат хоналари. Бино ечимида анъанавий устун — тўсинли устун ўрнига ҳошия — ҳалқали қурилма услубининг қўлланиши фоени устунлардан холи килишга ва томошабинлар учун қулай шароит яратилишига имкон берди. Шу билан бирга фое икки хил баландликда қурилган; юқоридагиси 7 метрли ҳалқа консол ёрдамида тўла айлана ҳосил қилиб, катта буфет билан бирлаштирилган. У серҳашам зинапоялар орқали пастки сатҳи билан туташтирилган. Фое интерерлари сирк санъати мавзуига оид ёрқин нур таратувчи рангли витраж безаклар ёрдамида вазмин оқиш тус кўринишига эга. Фое, залга кириладиган йўлакчалар миллий анъанавий ганч ўймакорлиги, эшиклар ёғоч ўймакорлиги услубида ишланган[1].

1991-йилда Тошкент сиркига ўзбек сиркининг машҳур намояндаси, дорбозлар сулоласининг асосчиси, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти Тошканбой Эгамбердиев номи берилди. Мустақиллик шарофати билан Тошкент сирки фаолиятида янги давр бошланди. Янги дастур ва аттраксионлар сиркнинг барча замонавий жанрларида яратилди ва улар репертуарга ўзига хос янгилик олиб кирди. Хусусан, 1991—2004-йиллар мобайнида 100 дан ортиқ сирк томошалари, 10 та сирк аттраксион ва 20 дан ортиқ мавзули томошалар саҳналаштирилди. Уларни тайёрлашда Обиджон Тошканбоев, Карима Зарипова, Эркин Тошканбоев, "Ўзбекдавлацирк" Республика бирлашмасининг бош директори Баҳром Мажидов, саҳналаштирувчи реж.лар Эдуард Арзуманов, Нисо Алиева, Раъно Рўзихўжаева ва бошқа фаол иштирок этишган. Тошкент сирки артистлари жаҳон бўйлаб ўз санъатларини намойиш этиб келади. Халқаро кўрик ва фестивалларда турли мукофотларга сазовор бўлганлар. 1999-йил Тошкент сирки биноси қайта таъмирланиб, замонавий техник ускуналар билан жиҳозланди[2].

Тошкент сирки
Тошкент сирки витраж безаклари

Галерея

Манбалар

  1. ↑ Пўлат Тошканбоев. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент. 2000
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент. 2000