Товламачилик — мулкий жиноятлардан бири. Ўзбекистон жиноят ҳуқуқига кўра, Т. жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш демакдир. Т.да фақат моддий бойликларгина эмас, балки мулкий мақомдаги ҳужжатлар, қарз (тилхат), меросдан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжат, моддий бойликларни олиш учун ишонч қоғози, санаторийларга йўлланма ва ҳоказо ҳам тажовуз буюми бўлиши мумкин. Т. жинояти тамагирлик мотиви билан содир қилинади. Т.да мулк зўрлик ишлатилиб тортиб олинмайди, балки унинг эгаси томонидан ўз ихтиёри билан берилади. Шунингдек, Т.да жабрланувчига нисбатан қўлланиладиган дўқпўписа, агар жабрланувчи товламачининг талабини бажармаса, кейинчалик амалга оширилиши назарда тутилади. Кўпгина ҳолларда Т. шантаж, рекет номи билан ҳам аталади. Лекин шантаж ҳам, рекет ҳам Т.дан фарқ қилади. Шантаж—шахсий шарманда қиладиган маълумотларни ошкор этиш билан қўрқитиб, бирон бир ҳаракатни содир эттириш бўлса, рекет бир неча шахслар томонидан дўқ қилиш, зўрлик ишлатиш ва қўрқитиш орқали амалга ошириладиган қилмишдир. Т. учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Манбалар