Трансляция (лот. транслатио — узатиш) — 1) воқеа юз бераётган жой (театр, консерт зали, стадион, байрам маросимлари)дан радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни студиядан ташқарида бевосита эшиттириш ёки кўрсатиш, шунингдек, бошқа шаҳарлардан халқаро алоқа линиялари бўйича келадиган дастурларни маҳаллий радиостансия ёки телестансиядан узатиш. Радио Т.да воқеа юз бераётган жойга микрофон ўрнатилади, ундан келаётган радиосигналлар студиядан ташқаридаги махсус аппаратхона (транспункт)да қайта ишланиб, эфирга узатилади. Аппаратхонада кучайтирувчи, овоз ёзиб олувчи, коммутацияловчи (қаранг Коммутация), ўлчовли аппаратлар ва бошқа жиҳозлар бўлади. Телевизион Т. кўчма телевизион стя орқали амалга оширилади. Баъзи объектларда, худди радио Т.даги каби, телевизион транспунктлар ташкил қилинади; 2) электр алоқада (ретрансляция) алоқа трактининг оралиқ пунктларида сим орқали келадиган электр сигналларни ёки радиосигналларни қабул қилиб ва қайта ишлаб, манбадан истеъмолчи томон йўналишда узатиш; бунда кучеиз сигналларни кучайтириш ҳам мумкин. Бундай Т.дан, асосан, узоқ масофали алоқани (мас., ердаги стялар орасида космик алоқани, ердаги стялар билан космик кема орасидаги алокани) ташкил қилишда фойдаланилади. Бунда оралиқ кучайтирувчи қурилмалар, ретрансляторлар ва бошқа қурилмалар қўлланади; 3) алоқанинг масофасини ошириш учун электр сигналларни узатиш занжирига уланадиган оралиқ қурилма (мас., телеграф алоқада — регенератив Т.); 4) симли радиоэшиттиришнинг эскирган номи; 5) ЭҲМ (компютер) учун тузилган дастур баёнини бир программалаш тилидан иккинчисига, мас., машина тилига ўтказиш; 6) физика ёки математика объектни фазода ўзига параллел равишда тўғри чизиқ (Т. ўқи) бўйлаб маълум масофага кўчириш.