Transportyor
Транспортёр (лот. транспортда ташийман) – 1) машинасозликда – конвеернинг иккинчи номи; роликли Транспортёр ролганг, винтли Транспортёр шнек деб аталади; 2) қишлоқ хўжалигида – маҳсулотларни унча узоқ бўлмаган масофага узлуксиз ёки муайян маромда ташиш (узатиш) учун мўлжалланган машина. Маҳсулотлар (картошка, сабзи, лавлаги, шолғом ва бошқалар)ни транспорт воситаларидан тушириб, омборхонага узатиш, даладан ёки омборхонадан транспорт воситаларига ортиш; қўй жунини юнгтарошнинг иш ўрнидан тарози аппарати турган жойгача узатиш учун мўлжалланган Транспортёрлар бўлади. Транспортёр тизимининг асосий қисмлари: қабул бункери, куракли кўтариш транспортёри , бурилувчи юклаш транспортёри, рама (юриш қисми билан), гидротизим, ҳаракатлантириш узатмаси, электр двигатели ва бошқариш пулти. Жун узатиш Транспортёри электр двигател, редуктор, йўналтирувчи силиндр, узлуксиз тасма ва каркасдан иборат. Бундай Транспортёр тасмасининг кенглиги 55 см гача, тасма иш қисмининг узунлиги 45 ва 25 м бўлади. Юнг Транспортёри чорвачиликда кенг қўлланади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |