Трек (физикада) — муҳитда ҳаракатланаётган зарядланган зарранинг унда қолдирган изи. Т. кўриниши зарранинг табиати ва хоссаларига боғлиқ. Т.ни трек асбоблар — пуфак камера, Вилсон камераси, диффузион камера ёрдамида кузатилади. Позитронлар, мезонлар, гиперонлар ва бошқа элементар зарралар уларнинг излари орқали топилган. Т.ни ўрганиш катта илмий ва амалий аҳамиятга эга.