Тренажёр (инг. траин —ўргатиш, машқ қилдириш) — машина ёки механизмларни бошқариш техникаси маҳоратини ўрганиш ва такомиллаштириш учун ўқувмашқ қурилмаси. Т. турли касб ишчиларига касбга оид билим беришда, учувчи ва космонавтларни тайёрлашда, қуролли кучларнинг шахсий таркибининг жанговар тайёргарлик кўришида ва бошқаларда фойдаланилади. Т.нинг содда ва мураккаб хиллари бор. Содда Т.да иш маҳорати ва фаолиятининг айрим элементлари ўзлаштирилади. Мураккаб Т.да комплекс ҳаракатлар ўрганилади. Космонавтлар учун ердаги ва кема бортидаги Т.дан фойдаланилади. Мас., космик кемаларни туташтириш, космик кемаларни ерга қўндиришда уларни бошқариш, турли борт тизимларининг ишлашини назорат қилиш бўйича операцияларни ўзлаштириш учун ердаги Т.да; космонавтларнинг бир космик кемадан бошқасига ўтишни машқ қилишларида самолёт фюзеляжига ўрнатилган борт Т.да; космик учишда космонавтларнинг мўлжал олиши, навигация ҳисоблашлари, кемани бошқариш маҳрратларини ўрганишни ўзлаштириш учун космик кема бортидаги кичик габаритли борт Т.дан ўрганилади.