Tromb
Тромб (юнонча: тҳромбос — лахта) — организм тириклигида томир ёки юрак бўшлиғида ивиб қолган қон. Қон кетиши натижасида томирдан ташкаридаги қон лахтаси ва лимфа томирларида лимфанинг ивиб қолиши ҳам Т. дейилади. Т. ҳосил бўлиши тромбоцитлар агглютинацияси, фибриноген коагуляцияси, эритроцитлар агглютинацияси ва қон плазмаси оқсиллари преципитацияси каби босқичлардан иборат. Оқ, қизил, аралаш ва гиалин Т. ажратилади. Оқ Т. тромбоцитлар, фибрин ва лейкоцитлардан таркиб топиб, қон тез оқишида (аксари артерияда) секин ҳосил бўлади. Қизил Т., асосан, эритроцитлар (камроқ лейкоцитлар)дан иборат, секин қон оқишида (кўпроқ венада) тез юзага келади. Кизил ва оқ Т.нинг қатқат аралашмасидан тузилган, юзаси гофрирли аралаш Т. кўп учрайди. Гиалин Т. томир капиллярларида вужудга келиб, гомогенлашган оқсил массасидан таркиб топган. Томир девори Т.и (томир деворида ҳосил бўлиб, аммо унинг бўшлиғини беркитмаган) ва тиқилган Т. (томир бўшлиғини беркитиб қўйган Т.) бўлади. Томир девори Т. и эндокардит, юрак пороклари ва бошқаларда, аксари юракда, атеросклерозда йирик артерияларда, тромбофлебитда вена томирларида вужудга келади. Бу хил Т. катталашса (тикилган Т.) томир бўшлиғини беркитиб қўяди. Димланиш Т.и (томирда кон димланиб қолишидан келиб чиқади, кўпроқ юрак фаолияти етишмовчилигида учрайди) ва томир бўшлиғига қараб тез ўсадиган Т. ҳам бор. Т. сўрилиши ёхуд бириктирувчи тўқимага қўшилиб кетиши, йиринглаб, сепсиста олиб келиши мумкин.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |