Tugunakli kovrak
Тугунакли коврак (лотинча: Ферула туберифера) — зирадошлар оиласи, коврак туркумига кирувчи кўп йиллик, гулли ўсимлик тури. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига камёб, эндемик тур сифатида киритилган. Сурхондарё вилояти Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий қисмида тарқалган[1].
| Тугунакли коврак | |
|---|---|
| Илмий таснифлаш | |
| Олам: | Эукариотлар |
| Тип: | Гулли ўсимликлар |
| Синф: | Икки уруғпаллалилар |
| Туркум: | Коврак |
| Оила: | Зирадошлар |
| Бинар номи | |
| Ферула туберифера | |
Тавсифи
Бўйи 50—60 см га етадиган кўп йиллик, туганакли, монокарп ўсимлик. Илдизи қисқа, ичи туганак билан тугайди. Поясининг сиртқи қисми оч яшил рангда, бўғим оралиқлари пуфаксимон шишган, ўрта қисмидан бир нечта бўлакка бўлиниб шохланиб кетади. Поясининг пастки қисмидаги барглари кетма-кет, юқоридагилари ҳалқа ҳосил қилиб жойлашган. Барглари ромб шаклида, қисқа бандли. Гуллари соябонсимон тўпгулда жойлашган. Соябонлари турлича шаклда, ўрта қисмида жойлашган гуллари деярли бандсиз, 7-13 нурли, диаметри 8 см, тўпгул четидаги гуллар 2-3 тадан бўлиб бирлашган. Соябончалари 10-15 гулли. Гултожибарглари сариқ рангда, шакли чўзиқ овалсимон. Май ойида гуллаб меваси июнда пишади. Мевасининг шакли овалсимон, оқиш сариқ рангда. Уруғи ва туганаклари орқали кўпаяди.
Тарқалиши ва ўсиш шароити
Табиатда якка ҳолатда, баъзан, тўп-тўп бўлиб учрайди. Сурхондарё вилояти, Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқларида, Кўҳитанг тоғида тарқалган. Тоғларнинг ўрта қисмидаги тошли ва тош шағалли ерларда ва арчазорларда ўсади. Ўсимликнинг уруғи етилмасдан олдин чорва моллари томонидан истеъмол қилиниши ва ем хашак сифатида ўриб олиниши турнинг камайиб кетишига сабаб бўлган. Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудида муҳофаза остига олинган[2].
Манбалар
- ↑ „Ферула клубненосная — Ферула туберифера — Описание таксона — Плантариум“. 2015-йил 14-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 1-май.
- ↑ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби И жилд, 2019.