Туҳфат ул-хоний
Туҳфат ул-хоний – тарихий асар. Муаллифи Муҳаммад Вафо Карминагий (1685–1769). Мазкур асар Бухоро хонлигида ҳукмронлик аштархонийлар даврига бағишланган[1]. Асар Бухоро хонлигининг 1722–1782-йиллар орасидаги тарихни ўз ичига олади. Асар муаллифи фақатгина 1722–1768-йиллар воқеаларини ёзишга улгурган. Асар давомини яъни 1768–1782-йиллар воқеаларини насафлик Олимбек ибн Ниёзқулибек ёзиб тугаллаган[2]. Мазкур асар муаллифи Муҳаммад Вафо Карминагий тарихнавис олим бўлиб, „Туҳфат ул-хоний“ асарини Бухоро амири Муҳаммад Раҳимхон топшириғига асосан ёзади. Асар баъзи тарихчилар томонидан „Тарихи Раҳимхоний“ (Муҳаммад Раҳимхон тарихи) деб ҳам номланади. Муҳаммад Вафо Карминагий „Шуҳрат“ тахаллуси билан ҳам шеърлар ёзиб қолдирган. Тарихчи Муҳаммад Амин Бухорий ёзишича Муҳаммад Вафо Карминагий аштархоний Убайдуллахон саройида кутубхоначи сифатида фаолият юритган. У „Қози Вафо“ номи билан ҳам машҳур бўлиб, Бухоро амири Муҳаммад Раҳимбий даврида қозилик лавозимида фаолият олиб борган[1]. Асарда Бухоро хонлигининг ХВИИИ асрнинг 20-йилларидан бошлаб марказий ҳокимият заифлашуви, манғит ҳукмдорларининг тинимсиз урушлари, халқ турмушининг оғирлашиб бориши ва унинг сабаблари ҳақида маълумотлар келтирилган. Бундан ташқари асарда аштархонийлар ва манғитлар даврида давлат бошқаруви, тузилиши, ўзбек қавмлари ва уларнинг тутган ўрни, 1722–1782-йилларда Бухоро хонлигининг Афғонистон, Эрон, Қошғар, Қўқон ва Қозоқ хонликлари билан олиб борган ташқи алоқаларига оид маълумотлар мавжуд[3]. Шарқшунос олим Александр Семёнов томонидан асар рус тилига таржима қилинган бўлсада, нашр қилинмай қолган ва унинг тақдири маълум эмас. Асар Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида крилл имлосида табдил қилиниб, нашр этилган[2].
| Муаллиф(лар) | Муҳаммад Вафо Карминагий |
|---|---|
| Тил | форс |
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Замонов 2021, с. 13.
- ↑ 2,0 2,1 Замонов 2021, с. 14.
- ↑ Аҳмедов 2001, с. 237.
Адабиётлар
- Замонов А, Субҳонов Ф. Бухоро хонлигининг аштархоний ҳукмдорлари. Тошкент: Баёз, 2021 — 136-бет.
- Дониёров Алишер. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги. Тошкент: НИФ МСҲ, 2023 — 444-бет.