Tula viloyati
Тула вилояти — Россия Федерацияси таркибидаги вилоят, Россия Европа қисмининг марказида жойлашган. Майдони 25,7 минг км². Аҳолиси 1675,7 минг киши (2002), асосан, руслар (95,4%), шунингдек, украин, белорус, татар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 81,4%. Таркибида 23 маъмурий туман, 21 шаҳар ва 49 шаҳарча бор. Маркази — Тула шаҳри. Бошқа йирик шаҳарлари — Новомосковск, Узловая.
Тула вилояти Ўрта Россия қирларининг (бал. 293 м гача) шимолида жойлашган. Ер юзаси қия тўлқинсимон текислик. Қўнғир кўмир, темир руда, олтингугурт колчедани, гипс, тош тузи, фосфоритлар, қурилиш материаллари конлари мавжуд; минерал булоқлар бор.
Иқлими мўтадил континентал. Январнинг ўртача темпатураси — 10°, июлники 19°. Йилига 500 мм гача ёғин тушади. Вегетация даври 180–190 кун. Дарёларининг кўп қисми Ока ҳавзасига (Зуша, Иста, Упа, Черепет, Осётр ва бошқалар) мансуб. Дон дарёсининг юқори оқими вилоят ҳудудидан ўтади. Тула вилояти кенг баргли ўрмон ва ўрмондашт зонасида жойлашган. Тупроқлари шимоли-ғарбида чимлиподзол, марказий қисмида бўз ўрмон, жанубида айниган қоратупроқлар. Ўрмонлари (асосан, дуб, қарағай) ҳудудининг ярмига яқинини эгаллайди. Шимолида 20%, жанубдаги 70% гача ерлари ҳайдалади. Саноатининг асосий тармоқлари: машинасозлик ва металлсозлик (Тула вилоятида Россия кўприк кранларининг 37% ҳамда саноат жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги. машиналари, мудофаа махсулоти, мотоцикл ва мотороллерлар ва бошқа ишлаб чиқарилади), электроэнергетика, кимё (минерал ўғитлар, синтетик каучук, кимё толаси), қора металлургия, енгил ва озиқ-овқат саноатлари; қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Қўнғир кўмир қазиб олинади („Тулаугол“ ишлаб чиқариш. бирлашмаси). 3 иссиқлик электр стансияси ишлаб турибди.
Халқ бадиий ҳунармандчилиги: бадиий тўр тўқиш (Белев шаҳри) ва лойдан нақшинкор ўйинчоқлар ясаш (Филимоново қишлоғи) ривожланган.
Йирик корхоналари: „Комбайновий завод“, „Туламашзавод“, „Кран“ (Узловая), „Азот“ (Новомосковск), „Химволокно“ (Шчёкино), „Тулачермет“ аксиядорлик жамиятлари, „Штамп“ машинасозлик заводи, патрон заводи (Тула), синтетик каучук заводи (Ефремов). Асосий саноат марказлари — Тула, Новомосковск, Шчёкино, Узловая, Ефремов, Донской шаҳарлари.
Қишлоқ хўжалиги ғаллачиликчорвачилик йўналишда. Сутгўшт чорвачилиги, паррандачилик, чўчқачилик ривожланган. Ғалла (буғдой, гречиха, жавдар) экилади, шунингдек, озуқа экинлари, қанд лавлаги, картошка етиштирилади. Сабзавотчилик, боғдорчилик ҳам ривожланган. Темир йўли узунлиги 1103 км, қаттиқ қопламали автомобил йўллар узунлиги 5076 км. Вилоят ҳудудида автомобил йўллари зич. Ока дарёсида кема қатнайди (Алексин шаҳридан). Вилоятда 49 санаторийкурорт муассасалари бор. Краинка балнеобалчиқ курорти машҳур. Тула вилоятида Поленово ва Ясная Поляна музей-усадбалари фаолият кўрсатади. 3 олий ўқув юрти (шу жумладан, университет), 7 музей, 4 театр ишлаб турибди.[1]
Манбалар
- ↑ "Тула вилояти" ЎзМЕ. Т-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2018-10-28 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Россия оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |